АҚШ таҳдид солаётган Шимолий Кореяда бир сутка ичида 800 мингга яқин ёшлар армияга бориш истагини билдирди
Олам
−
18 Март 2023
1178224 соат ичида 800 мингга яқин Шимолий Корея ёшлари ҳарбий хизматга кўнгилли тарзда қўшилиш учун ариза берди. Бу ҳақда бугун, 18 март куни “Rodong Sinmun” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 17 март куни бутун мамлакат бўйлаб атиги бир кун ичида 800 мингга яқин ёшлар Корея Халқ армияси сафига қўшилишни ёки хизматга қайтишни қатъий сўраган. КХДРнинг барча ҳудудларида бундай кўнгиллилар сони ўсишда давом этмоқда.
“Америка империалистлари ва уларнинг сотқин қўғирчоқларининг ядро урушини қўзғатишга қаратилган фитналари шу қадар чегарага етдики, уларни энди эътибордан четда қолдириб бўлмайди: улар ватанимиз суверенитети ва унинг хавфсизлик соҳасидаги манфаатларига қўпол равишда тажовуз қилмоқдалар. Бу фитналар ўзининг тажовузкорлиги ва кўлами бўйича мисли кўрилмаган миқёсда давом этмоқда”, дейилади газетада.
Манбада айтилишича, партиянинг АҚШ билан “ҳисоб-китоб қилиш” бўйича букилмас иродасини қўллаб-қувватлаган ёшлар “Ватанни ҳимоя қилиш ва душманни енгиш” учун шайланган. Уларнинг армияга қўшилишга бўлган ғайрати Корея ярим оролини бирлаштиришга ва КХДРни йўқ қилишга уринаётган уруш ақидапарастларини мағлуб қилишга интилишларидан далолат беради.
Маълумот учун, Шимолий Кореядаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимига кўра, барча эркаклар камида 10 йил, аёллар эса камида уч йил ҳарбий хизматни ўташи керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари “Озодлик қалқони” деб аталувчи қўшма ҳарбий машғулотларини бошлаган эди. Бу машғулотлар Шимолий Корея таҳдидларига қарши қаратилган бўлиб, 11 кун давом этиши режалаштирилган. Бунга жавобан Шимолий Корея Япон денгизи томон “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасини учирган эди.
LiveБарчаси