АҚШ Жанубий Корея билан ҳарбий машғулотлар бошлади

Олам

image

Бугун, 13 март куни Жанубий Корея ва Америка Қўшма Штатларининг “Озодлик қалқони” қўшма машғулотлари бошланди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, “Озодлик қалқони” қўмондонлик-штаб машғулотлари компьютер симуляцияларига асосланган бўлиб, уларда Шимолий Кореянинг ракета-ядровий таҳдидини ҳисобга олган ҳолда ҳужумни қайтариш ва минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш кампаниясини ўтказиш сценарийлари ишлаб чиқилади. Бу йил “Озодлик қалқони” танаффуссиз 11 кун – 23 мартгача давом этади.

“Қўшма машғулотлар мудофаа характерига эга бўлиб, Корея Республикасини Шимолий Корея томонидан эҳтимолий тажовуздан ҳимоя қилиш бўйича оператив режаларга асосланади”, деган Корея Республикаси штаб бошлиқлари қўмитаси.

Бундан ташқари, “Озодлик қалқони”га  параллел равишда 20 га яқин дала машғулотлари, жумладан, “Жангчи қалқони” умумий номи остида денгизга қўнишни ривожлантириш бўйича машқлар ўтказилади. Расмий Сеул эса март ойининг охирида Американинг Nimits тоифасидаги ядровий самолёт ташувчиси манёврларга қўшилиши мумкинлигини айтган. 

Манбага кўра, кеча, 12 март куни Шимолий Корея сув ости кемасидан иккита стратегик қанотли ракета учирган. Пхеньянда АҚШ ва Жанубий Кореянинг ҳарбий машғулотлари КХДР билан урушга тайёргарлик деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Корея ўз синов ракеталарини уриб туширишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни уруш эълон қилиниши деб баҳоланишини айтган ҳамда АҚШ ва Жанубий Кореяни қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб, кескинликни кучайтиришда айблаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жанубий Корея Шимолий Корея Озодлик қалқони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг