Шимолий Корея АҚШни огоҳлантирди

Олам

image

Бугун, 7 март куни Шимолий Корея ўз синов ракеталарини уриб туширишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатни уруш эълон қилиниши деб баҳоланишини айтди ҳамда АҚШ ва Жанубий Кореяни қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб, кескинликни кучайтиришда айблади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон баёнот билан чиқиб, агар АҚШ Шимолнинг стратегик қурол синовларига қарши ҳарбий чора кўрса, Пхеньян буни “уруш эълони” сифатида кўриши ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, у Шимолий Корея Тинч океанига кўпроқ ракета отиш эҳтимоли борлигига ишора қилган. 

“Тинч океани АҚШ ёки Япония ҳукмронлигига тегишли эмас”, деган Ким Ё Чжон.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан тақиқланган Шимолий Корея баллистик ракеталарини ҳали уриб туширмаган, аммо бу масала кун тартибидан йироқ эмас. Чунки КХДР Япония устидан кўпроқ ракета учиришни режа қилмоқда.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар Шимолий Корея Тинч океанини “ўқ отиш майдончаси”га айлантириш таҳдидига амал қилса, бу изоляция қилинган ва ядровий қуролга эга давлатга ўзининг ҳарбий қарорини кўрсатишдан ташқари, техник ютуқларга эришиш имконини беради.

Шунингдек, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи хабарлар бўлими бошлиғи ҳам кеча, 6 март куни баёнот билан чиқиб, АҚШни B-52 бомбардимончи самолёти билан биргаликда ҳаво машғулотлари ўтказиш ва АҚШ-Жанубий Корея дала машғулотларини режалаштириш орқали вазиятни оғирлаштиришда айблаган.

Маълумот учун, 1950–1953 йиллардаги Корея уруши мероси сифатида Жанубий Кореяга 28 500 га яқин АҚШ аскари жойлаштирилган. Бу эса уруш тинчлик шартномаси билан эмас, балки сулҳ билан якунлангани кўрсатади. Мамлакатлар ўртасида тўқнашувли вазиятлар ҳамон давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ B-52 бомбардимончи самолётини Жанубий Корея қирувчи самолётлари билан қўшма машғулот ўтказиш учун яриморолга жойлаштирганди. Жанубий Корея мудофаа вазирлиги бу Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета таҳдидларига қарши куч намойиши эканини айтганди. Шунингдек, икки давлат келаси ҳафтада “Озодлик қалқони” деб номланувчи кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказишни режалаштиргани маълум қилинганди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ким Чен Ин Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг