АҚШ Жанубий Корея билан стратегик бомбардимончи самолёт иштирокида машғулот ўтказди
Олам
−
06 Март 2023
5280Корея Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий-ҳаво кучлари ядровий қурол олиб юришга мўлжаллаган B-52H стратегик бомбардимончи самолёти иштирокида қўшма ҳарбий машғулот ўтказди. Бу ҳақда бугун, 6 март куни “Yonhap” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Сеулда 13–23 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган АҚШ ва Жанубий Кореянинг “Озодлик қалқони” кенг кўламли манёврлари арафасида “Пхеньяннинг провокациялари” кучайишидан хавотир ортган. Буни бартараф этиш мақсадида маҳаллий ОАВда бомбардимончи самолёт куч намойиши сифатида изоҳланган. B-52H Корея ярим оролига охирги марта декабрь ойида жойлаштирилган эди.
Бундан ташқари, 6 март куни Сеул ва Вашингтон АҚШнинг Осан авиабазасида Buddy Wing манёврларини бошлаган. Ушбу эскадрон даражасидаги машқларда 10 га яқин самолётлар, жумладан, Жанубий Кореянинг F-15K қирувчи самолётлари ва АҚШнинг A-10 ҳужумчи самолётлари иштирок этган. Жорий йилда мазкур машғулотларнинг тўққиз босқичда ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 3 март куни ҳам манёвр бўлиб ўтган, унда АҚШнинг стратегик бомбардимончи B-1B самолёти иштирок этган. Жанубий Корея эса F-15K ва KF-16 қирувчи самолётларини жойлаштирган. Ушбу машғулот Сеул ва Вашингтон ўртасидаги қуролларни ўз вақтида жойлаштириш бўйича келишувлар доирасида ўтказилган бўлиб, натижада томонлар орасидаги стратегик активлар мувофиқлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шимолий Корея АҚШнинг минтақадаги ҳаракатларига тоқат қилмаслигини маълум қилиб, Вашингтонни халқаро қурол назорати тизимининг қулашида айблаган эди.
LiveБарчаси