АҚШ Сенати Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатишга рози бўлди

Олам

image

АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайванга ҳарбий ёрдам кўрсатиш, Россиянинг музлатиб қўйилган активларини Киевга ўтказиш мақсадида мусодара қилиш, шунингдек, Хитойга қарши қўшимча санкциялар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини маъқуллади. Америка қонун чиқарувчи органи юқори палатасининг мажлиси C-SPAN телеканалида трансляция қилинади.

Ташаббусни 79 сенатор қўллаб-қувватлади, 18 нафари эса қарши чиқди.

Пакет ҳажми 95 миллиард долларни ташкил этди, хусусан, Украина учун 61 миллиард доллар, Исроил учун 26 миллиард доллар, шунингдек, можаро зоналари, жумладан, Ғазо секторидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун маблағлар киради. Сенат томонидан маъқуллангандан сўнг, пакет имзолаш учун АҚШ Президенти Жо Байденга юборилади. Америка раҳбари аллақачон уни имзолашга ваъда берган.

Қонун лойиҳалари тўплами Эрон ва Россия расмийларига нисбатан санкциялар жорий қилади ва Эрон дронларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган Америка технологиялари экспортини янада чеклайди. Унда Эрон нефти экспортини чеклаш чоралари мавжуд. Бундан ташқари, пакетга АҚШда TikTok’ни тақиқлаш ташаббуси киритилган. Қонунчилар Хитойнинг ByteDance компаниясига ижтимоий тармоқни сотиш учун бир йил муддат беришни таклиф қилмоқда, акс ҳолда TikTok АҚШда тақиқланиши мумкин.

“Reuters” хабар беришича, Байден ҳужжатни имзолаганидан сўнг Вашингтон Киевга 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини жўнатади.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни қонун лойиҳалари Конгресс Вакиллар палатасида маъқулланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг