АҚШ Сенати Исроилга қурол етказиб беришни блокламади
Олам
−
10:13
996Кеча, 20 ноябрь куни АҚШ Сенати кўпчилик овоз билан мамлакатнинг айрим қурол тизимларини Исроилга етказиб беришни блокировка қилиш бўйича учта резолюцияни рад этиш учун овоз берди. Бу ҳақда “The Hill” нашри хабар берди.
Аниқлик киритилишича, резолюциялар танк қуроллари ва гранатомётлар учун баъзи ўқ-дорилар, шунингдек, бомбаларни бошқариш мосламаларига тегишли. Ҳужжатларнинг муаллифлари АҚШ Президенти Жо Байденнинг Исроил ва уларнинг иттифоқчиси, мустақил сенатор Берни Сандерсга нисбатан сиёсатини маъқулламайдиган демократлар гуруҳи эди.
Нашрга кўра, Сандерс резолюциялар Ғазо сектори ва Ливандаги тинч аҳолига қарши ҳалокатли оқибатларга олиб келган ҳужум қуролларига қарши қаратилганини таъкидлаган. Сенаторнинг айтишича, чекловлар Исроилнинг ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига таъсир қилмайди, бироқ унинг таклифларига қарши чиққан қонунчилар бунга рози эмас.
Сандерсга кўра, “Хорижий ёрдам тўғрисида”ги қонун ва “Қуролларни назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Қўшма Штатлар халқаро тан олинган инсон ҳуқуқларини бузган ёки Америка инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсқинлик қилаётган мамлакатларга қурол етказиб бера олмайди. Сенаторнинг фикрича, Исроил бу қонунбузарликларга йўл қўймоқда.
Ўз навбатида, Сенатдаги Демократик партия етакчиси Чак Шумер Сандерснинг таклифларини танқид қилган.
Dpa нашрининг ёзишича, АҚШнинг Исроилга қурол-яроғ етказиб беришини блокировка қилиш тўғрисидаги резолюцияларни овозга қўйишдан олдин ҳам, бу ҳужжатларнинг муваффақият қозониш имконияти деярли йўқ эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуд Хавфсизлик Кенгашида вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Ғазо секторида доимий ва шартларсиз ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини блокировка қилганини билдирганди. Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси бу ҳужжатни қўллаб-қувватлаган. АҚШ эса ўтган йилнинг октябрь ойида Яқин Шарқ можароси авж олганидан бери Ғазо секторида сулҳ тўғрисидаги қарорларни бешинчи марта блокировка қилмоқда. Резолюция лойиҳаси 10 та доимий бўлмаган БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари томонидан тайёрланган бўлиб, у тўққизта банддан иборат.