АҚШ Саудия Арабистонига 750 миллион долларлик бомба юборади – WSJ

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистонига яқин ойларда 750 миллион долларлик бомба жўнатишга тайёрланяпти. Бу ҳақда кеча, 13 август куни “The Wall Street Journal” хабар берди. 

Нашрнинг қайд этишича, бу АҚШ-Саудия Арабистони муносабатларида сезиларли ўзгаришлардан дарак беради. Газетанинг ҳар икки давлат расмийларига таяниб ёзишича, Қўшма Штатлар Саудия Арабистонига 3000 дона GBU-39 бошқариладиган бомба ва 7500 дона Paveway IV бомбасини етказиб беради.  Таъкидлаш жоизки, 3000 та кичик диаметрли бомба ва 7500 та Paveway IV бомбасини ўз ичига олган юкларни ташиш Саудия Арабистони бошчилигидаги Ямандаги амалиётлар оқибатида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонининг юқори бўлиши ҳақидаги хавотирлар туфайли 2021 йилда Президент Байден томонидан тўхтатилган эди. WSJ’га кўра, ушбу юкларни қайта тиклаш қарори Оқ уйнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тартибини илгари суриш ҳамда Саудия Арабистони ва Исроил ўртасида потенциал келишувга кўмаклашиш мақсадида Ар-Риёд билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини акс эттиради.

“Бу Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги жиддий тарангликни бартараф этишга ёрдам беради”, дейилган хабарда.

Бу ҳаракат икки халқ ўртасидаги йиллар давомида таранглашган муносабатлардан сўнг амалга оширилган. Аввалига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ва журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши туфайли Саудия Арабистонига нафрат уйғотадиган давлат сифатида муносабатда бўлишга ваъда берган Байден, 2022 йилда Саудия Арабистонига қилган ташрифидан сўнг ўз позициясини аста-секин юмшатди. Қошиқчи 2018 йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистони агентлари томонидан Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилган. Унинг жасади бир неча қисмга бўлиб ташланган эди.

“Саудияликлар буни АҚШ билан муносабатлардаги стратегик доғни бартараф этиш сифатида кўради”, деган Пентагоннинг собиқ юқори лавозимли амалдори Дана Строул.

Қарор, шунингдек, Саудия Арабистонининг минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлиги, жумладан, Исроил билан узоқ муддатли нормаллаштириш бўйича муҳокамаларга очиқлиги учун мукофот сифатида кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Америка Қўшма Штатлари Саудия Арабистони билан Жамол Қошиқчи ўлдирилиши ортидан ёмонлашган муносабатларни Россия сабаб қайта тикламоқчилиги хабар қилинганди. 2023 йилнинг декабрь ойида Америка Қўшма Штатлари Саудия армиясининг жанговар тайёргарлиги учун 1 миллиард доллар ажратишга қарор қилди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг