АҚШ Россияни террорчи давлатлар рўйхатига киритмоқчи

Олам

image

АҚШ сенаторлари Россия Федерациясини терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда мамлакат Сенати хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 20 июнь куни сенаторлар Линдси Грэм (республикачи) ва Ричард Блументал (демократ) ушбу қонун лойиҳасида Россияни Сурия билан тенглаштиришни таклиф қилган. Бу эса Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олишни англатади. Ҳозирда АҚШ қонунчилигига кўра, терроризм ҳомийлари сифатида тан олинган давлатлар Куба, Эрон, Шимолий Корея ва Сурия бўлиб, ҳукумат уларни халқаро терроризм актларини қайта-қайта қўллаб-қувватлашда айбдор деб билади. Энди улар қаторига Россия ҳам қўшилиши мумкин.

“Мен Америка қонунчилигига асосан Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳамизга овоз беришни интиқлик билан кутяпман. Биринчи навбатда, бу Қўшма Штатларда Путиннинг ваҳший хатти-ҳаракатлари учун жазолаш воситаларини сезиларли даражада оширади. Россия Президентининг Украина ва бутун Африка ҳамда дунё бўйлаб олиб бораётган бузғунчи ҳаракатлари унинг терроризм ҳомийси эканини билдиради”, деган республикачи сенатор Линдси Грэм.

Шунингдек, сенатор Россия ўз ўрнини яккаланган давлатлар орасида топганини қўшимча қилган. Ўз навбатида, Демократлар партияси сенатори Ричард Блументал ҳамкасбининг сўзларини тасдиқлаган.

“Путиннинг Украинага асоссиз бостириб кириши сон-саноқсиз ваҳшийлик ва инсониятга қарши жиноят бўлиб, кўплаб бегуноҳ фуқароларга даҳшат ва ўлим олиб келди. Путин қайта-қайта қийноқ ва қотилликларни содир этмоқда. Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида белгилаш АҚШга янада кучлироқ ҳаракат қилиш имконини беради. Путиннинг ваҳшийлиги, унинг эркинлик ва демократияга таҳдидига сиз ҳам қарши туринг”, деган Блументал.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ва Қўшма Штатлар Италияда бўлиб ўтган G7 саммитида 10 йиллик икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолаганди. Шунингдек, АҚШ Молия вазири Жанет Еллен Россиянинг музлатилган активлари Украинага берилиши “ўғрилик” эмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия терроризм

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг