АҚШ Россия газининг Украина орқали транзитини тиклашни таклиф қиляпти
Олам
−
17:03 643 2 дақиқа
Оқ уй маъмурияти қиш олдидан энергетика соҳасидаги сулҳ бўйича музокаралар доирасида Украина ҳудудидаги қувурлар орқали Россиядан Европага газ етказиб беришни қайта тиклашга интилмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг маълумотларига кўра, АҚШнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер шу кузда Москва ва Киевга ташрифлари чоғида Россия газини АҚШ воситачиси орқали сотишни таклиф қилган, бу эса Европа санкцияларини четлаб ўтиш имконини беради. Бунда Украина газ транзитидан маблағ олади, Россиянинг даромадларини эса маблағлар ҳарбий ҳаракатларни молиялаштиришга кетмаслиги учун учинчи мамлакатдаги эскроу-ҳисобварақларга ўтказиш таклиф этилмоқда.
Оқ уйнинг фикрича, Россиянинг Европа бозорига қайтиши мамлакат Президенти Владимир Путин учун кенг кўламли энергетик сулҳга рози бўлишга кучли рағбат бўлади.
АҚШ Европанинг газ захиралари қиш олдидан охирги тўққиз йилдаги энг паст мавсумий даражага тушиб қолган бир пайтда, энергия манбалари нархини пасайтириш учун европалик иттифоқчиларини Россия газини харид қилишга қайтишга кўндиришга уринмоқда. Бироқ АҚШнинг ушбу таклифи ЕИ давлатлари раҳбарлари томонидан кескин қаршиликка учрамоқда — иттифоқ Украина бўйича тинчлик битимига эришилиш-эришилмаслигидан қатъи назар, 2027 йилнинг охиригача Россия газини сотиб олишни тўлиқ тўхтатиш ниятида.
Шу билан бирга, европалик дипломатлар агар Киев энергетика объектларига ўт очишни тўхтатиш шарти билан етказиб беришларни маъқулласа, Брюссель учун Россия гази импортига қайтиш осонроқ бўлишини тан олмоқда.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь