АҚШ Россия билан сунъий йўлдошга қарши қуроллар масаласини гаплашиб олди
Олам
−
23 Февраль
7623АҚШ Россия билан сунъий йўлдошга қарши қуроллардан фойдаланиш бўйича музокаралар олиб борган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Унга кўра, Америка расмийлари Россия томонини космосда қурол жойлаштирмаслик ҳақида “огоҳлантирган”.
Нашрнинг ёзишича, сунъий йўлдошга қарши қуроллар бўйича суҳбат АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ва Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ўртасида кечган. Бундан олдин ҳам Жейк Салливан ва Юрий Ушаков Украинадаги ҳарбий амалиётлар мавзусида бир неча бор яккама-якка гаплашиб олганди.
Бундан ташқари, нашр манбаларига кўра, Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс ва Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ўртасида ҳам ёпиқ эшиклар ортида суҳбат бўлиб ўтган.
Маълумот учун, 15 февраль куни Оқ уй расмийлари Капитолийда конгрессменлар билан “миллий хавфсизликка жиддий таҳдид” ҳақида ёпиқ брифинг ўтказганди. Унда Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қурол тизимини ишлаб чиқаётгани муҳокама қилинган. Эртаси куни АҚШ Президенти Жо Байден хавотирланишга асос йўқлиги, Россия АҚШга ядровий таҳдид сола олмаслигини айтиб чиқди.
СNN телеканали эса Америка разведкаси сунъий йўлдошга қарши қуроллар ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилишидан норози бўлгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ расмийлари Россия ядро қуролини коинотга жойлаштириши мумкинлигини айтганди.
Отабоева Мадина
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь