Трампни сотишяпти, Пашинян Путинга “сакраяпти”, Германия Россияга қарши – Weekend
Таҳлил
−
15:59 1110 19 дақиқа
АҚШ Россияга қарши “дўзахий” санкцияларни қўллашни бошлайди. Трамп янги қонунни имзолади. Путин эса бунга кескин жавоб бериб, чекловлар фақатгина АҚШнинг ўзига қийинчилик олиб келишини айтди. “Россия ва Украинани яраштириб қўяман” деяётган Трамп нега бирдан ўртага совуқлик туширди?
Россия атиги 24 соат ичида икки мингга яқин аскар йўқотди. Маҳаллий аҳоли ҳатто “алкаш”лар ҳам мажбуран ҳарбий хизматга олиб кетилаётганини айтмоқда. Нима, Москва армияси шу қадар кучсизландими?
Ямандаги ҳусийлар Маккага ҳужум қилгани айтиляпти. Саудия Арабистони мусулмонлар учун муқаддас бўлган шаҳарга ҳам дрон юборганини расман эълон қилди. Ҳусийлар бу айбловни “очиқ-ойдин ёлғон” деяпти. Кимга ишониш керак?
Германия Россияга қарши урушга тайёрланяпти. Ҳатто кунлик ярадорлар сони тахминан ҳисоблаб чиқилган, уларни даволашнинг эҳтимолий чоралари ҳам кўрилган. Уруш катталашадими?
Дональд Трамп амалдорларни “ифлос итлар” деб атади ва Эрон бўйича махфий режаларни ошкор қилаётганларни шафқатсиз жазолашини айтди. Оқ уй ичидаги айғоқчилик ўйини ортида ким ё нима яширинган? Ичкаридан Трампга тузоқ қўйилганми?
АҚШ Ойда жанг қилмоқчи
Вашингтон сиёсий саҳнаси ҳам, халқаро майдон ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтда кескинлик ва стратегик ноаниқлик гирдобига шўнғимоқда. АҚШ атрофидаги сиёсий ўйинлар – Яқин Шарқдаги ҳарбий сценарийлардан тортиб, Москвага қарши иқтисодий босим ва ҳатто Ой орбитасидаги ҳарбийлашув пойгасигача кенгайган.
Яқин Шарқ йўналишидаги воқеалар Вашингтоннинг ички қарама-қаршиликларини ва оқшомги “махфий” хабарларнинг ташқарига сизиб чиқиши атрофидаги машмашаларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича махфий маълумотларнинг тарқалиб кетишида айбдорларни топишга ва уларни ўз қилмишлари учун бадал тўлаш меъёридан ортиқ тўлашга мажбур қилишга ваъда берди. У ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида “The Washington Post” нашрининг “Эрон ҳақидаги сизиб чиққан маълумотлар Трамп ҳақида нима дейди?” номли материалига кутилган ва агрессив услубда жавоб қайтарди. Американинг амалдаги етакчиси ахборот сиздирувчиларини ифлос итлар деб атаган.
“Жуда қизиқ. Албатта ўқиб чиқиш керак! Сизиб чиқаришда давом этинг, эй ифлос итлар! Сизларни топганимизда, жуда қимматли бадал тўлайсизлар”, дея кескин муносабат билдирди.
Оқ уй раҳбарининг бу каби ғазабига сабаб бўлган “The Washington Post” мақоласида ёзилишича, Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий операция бошланишидан олдин Трамп зарбанинг оғир оқибатлари ҳақида Миллий разведка директори Тулси Габбард томонидан бир неча бор огоҳлантирилган.
Қолаверса, “The Wall Street Journal” тақдим этган маълумотларга кўра, февраль ойида Габбард Президентни ҳужум содир этилган тақдирда Теҳрон зудлик билан Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйиши ва бу ҳолат жаҳон энергия бозорини мисли кўрилмаган даражада беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. WP нашри юқори мартабали ҳарбийларнинг ҳам шундай хавотирда бўлганини қўшимча қилади. Материалда айтилишича, “Вице-президент Жей Ди Вэнс, ўз навбатида, эҳтиёткорона ёндашув ва музокаралар тарафдори бўлган, уларнинг фикрича, бу урушдан кўра камроқ харажат талаб қилган”. Материал муаллифи, таниқли колумнист Марк Тиссен эса ушбу огоҳлантиришларни матбуотга сиздираётган доираларни низо оқибатлари учун бутун масъулиятни Трампнинг зиммасига юклашга уринаётганликда айблайди. Тиссеннинг фикрича, маъмурият ичидаги эътирозлар ва эҳтиёткор чақириқларга қарамай, Президентнинг зарба бериш қарори Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликка қаратилган қатъиятли қадамдир. Мақолада Эроннинг кўп йиллик тажовузкор деб баҳоланган сиёсати ҳам эсланган.
“Агар Эрон буларнинг барчасини ядровий соябонсиз қилган бўлса, унга эга бўлса, қандай вайронкорликлар келтириб чиқаришини тассаввур қилиб кўринг”, дейилади мақолада.
Муаллиф, шунингдек, узоқ муддатли битимларга шубҳа билан қараган.
“Трампнинг Эронга ҳужуми хато эмас эди. Бу менинг ҳаётимдаги ҳар қандай президент томонидан ташқи сиёсатда қабул қилинган энг жасур қарор бўлди”, деган хулосани илгари суради журналист.
Лекин Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги тугалланмаган ҳисоб-китоблар ҳали ўз кульминациясига етгани йўқ. АҚШ Президенти “Axios” нашрига берган интервьюсида Яқин Шарқдаги вазият бўйича тез орада яна бир кескин қарорни эълон қилишини маълум қилди.
“Олдимда муҳим қарор қабул қилиш вазифаси турди. Мен уларга бостириб киришни ва уларни йўқ қилишни хоҳлайманми ёки йўқми? Бу муҳим қарор. Мен билан ҳар қандай нарса юз бериши мумкин”, дейди Трамп оммавий зарбаларни қайта бошлаш эҳтимолига ишора қилиб.
Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари 2026 йилнинг 22-26 сентябрь кунлари Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Баҳрайн, Кувейт ва Оммон вакиллари билан учрашиб, Эрон масаласини муҳокама қилишини билдирди. У араб мамлакатлари ҳақида ҳам босимли фикр билдирган.
“Мен уларнинг ҳозирда қайси мавқеда эканини ва аҳволи қандайлигини билмоқчиман. Биз ҳар доим улар ҳақида жуда ғамхўрлик қилганмиз”, дейди президент.
Трампнинг ўзи 22 сентябрь куни БМТ минбаридан нутқ сўзлайди ва бу чиқиш Эрон билан боғлиқ навбатдаги қадамларга ойдинлик киритиши кутилмоқда.
АҚШ Россияга “Дўзахий” санкциялар қўлламоқчи
Вашингтоннинг иккинчи йирик геосиёсий фронтида эса Москвага қарши навбатдаги иқтисодий “қамал” тайёрланмоқда. АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Россияга қарши “дўзахий” санкциялар жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўпчилик овози билан маъқуллади. 262 киши рози бўлган, 159 та қарши овоз берилган ва 12 киши бетараф қолган. Август ойи бошида Сенатдан ўтган ушбу ҳужжат имзолаш учун Трампга юборилган ва Трамп уни 18 сентябрь куни имзолади.
Қонуннинг тўлиқ номи “Линдси Грэмнинг 2026 йилги Россия ва Эронга қарши санкциялар тўғрисидаги қонуни”. У Россияга нисбатан қонунда назарда тутилган санкциялар, божлар ва тақиқларни назарда тутади ҳамда кенгайтиради. Шунингдек, Эронга қарши амалдаги санкциялар муддатини узайтиради. Украина Президенти Владимир Зеленский Трампга “ушбу ўта муҳим қонунни имзолагани учун” миннатдорлик билдирган.
“Линдси Грэм бу ерда, Украинада бўлганида, Россияга босимни бўшаштирмаслик, санкцияларни кучайтириш ва тинчликка эришиш йўлини излаш қанчалик муҳимлиги ҳақида доимо гапирар эди. Жумладан, Россия нефтини сотиб олиш, Россияга молиявий хизматлар кўрсатиш ҳамда Путин ва уруш билан боғлиқ Россия компанияларини бошқа мамлакатлардаги одатий бизнес муносабатларига жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилинадиган пойтахтларда ҳам”, деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.
Санкциялар тўғрисидаги қонун ташаббускори 2026 йилнинг июль ойида вафот этган республикачи-сенатор Линдси Грэм бўлган эди. Ушбу қонун лойиҳаси Россиянинг нефть ва газини сотиб олувчи учинчи давлатларга нисбатан иккиламчи чекловларни назарда тутади. Ҳужжатга мувофиқ, АҚШга олиб кириладиган Россия маҳсулотларига 500 фоизгача, Россия энергия ресурсларини харид қилувчи мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга эса 100 фоизгача бож солиниши мумкин.
Москва эса ушбу чора-тадбирларга доимгидек кескин ва истеҳзоли муносабат билдирди. Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси қонун лойиҳасини Трамп маъмуриятига берилган “айиқ хизмати” деб атаб, чекловлар Америка иқтисодиётининг ўзига зарба бўлишидан огоҳлантирди. Россия Президенти Владимир Путин эса аввалроқ иқтисодий чекловлар ҳақида фикр билдирган эди.
“Санкциялар қанча кўп бўлса, уларни жорий қилаётганлар учун шунча ёмон”, дея кесатган эди.
Кремль расмийлари мисли кўрилмаган чекловлар Москванинг мақсадларини ўзгартира олмаганини таъкидламоқда. 17 сентябрь куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков янги санкциялар бўйича муносабат билдирди.
“Биз, албатта, ушбу ҳужжатнинг кўриб чиқилишини кузатяпмиз. Бу дўстона бўлмаган ҳаракатларга тааллуқли ва албатта, АҚШ томонидан қандайдир қўшимча санкцияларнинг жорий этилиши Украинада тинчлик ўрнатиш йўлларини излаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фақат қийинлаштиради”, дея огоҳлантирди Песков.
АҚШнинг геосиёсий амбициялари фақат Ердаги ҳарбий ва иқтисодий тўқнашувлар билан чекланиб қолмаяпти. Вашингтон коинотни ҳам потенциал ҳарбий ҳаракатлар майдонига айлантириш ҳаракатини очиқ эълон қилди. 16 сентябрь куни ўтказилган Air, Space and Cyber конференциясида Трампнинг бош ҳарбий маслаҳатчиси, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари генерал Дэн Кейн Америка армияси “денгиз тубидан тортиб Ой атрофидаги фазогача” бўлган соҳаларда “жанг қилишга, бардош беришга ва ғалаба қозонишга” тайёр туриши шартлигини маълум қилди. Ушбу позицияни АҚШ Космик кучлари қўмондони генерал-лейтенант Грегори Ганнон ҳам қўллаб-қувватлаб, инсоният коинотга чуқурроқ кириб бораётган бир пайтда ҳарбийларнинг асосий вазифаси “АҚШ манфаатларини ҳимоя қилиш” эканини айтди.
“Хитой Халқ Республикаси каби бизнинг эҳтимолий рақибларимиз космоснинг баъзи қисмларида фаол фаолият олиб бормоқда. Шу сабабли яқин беш йилда Космик кучлар шахсий таркибини 25 минг кишига етказиш режалаштирилган”, деб қўшимча қилди у.
Ушбу ҳарбий чақириқлар Вашингтон томонидан коинотга космик қурол чиқарилгани тасдиқланганидан бир неча кун ўтиб янграгани вазиятнинг қанчалик жиддий эканини кўрсатади. 2019 йилда Трампнинг биринчи президентлик даврида ташкил этилган Космик кучларга жавобан, Хитой 2024 йилда ўзнинг ҳарбий-космик бўлинмаларини тузган эди. Америка қуролининг коинотга олиб чиқилишига жавобан Пекин Ташқи ишлар вазирлиги Хитой “космик фазода қурол жойлаштириш, милитаризация ва қуролланиш пойгасига мутлақо қарши” эканини билдирган. Америкалик ҳарбийларнинг бу каби чақириқлари халқаро конвенцияларни ҳамда АҚШ ва Хитой 1967 йилда имзолаган Космос тўғрисидаги шартномани очиқдан-очиқ четлаб ўтиш деганидир. Чунки мазкур шартномада Ой ва бошқа самовий жисмлардан “фақат тинчлик мақсадларида” фойдаланиш ҳамда коинотга оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни тақиқлаш қатъий белгилаб қўйилган.
Халқаро сиёсатда дипломатия, иқтисодий санкциялар ва ҳарбий таҳдидлар бир-бирига қоришиб кетди. Дунё шусиз ҳам нотинч. Глобал хавфсизлик масаласи янги ва анча хатарли босқичга келиб қолганида АҚШнинг ҳаракатлари бошқаларникидан кўпроқдек.
Россия 24 соатда 2 мингта аскарини йўқотди
Бугунги глобал геосиёсий манзара шунчаки кескинлашаётгани йўқ, балки у тизимли равишда янги ва янада хатарли даврга қадам қўймоқда. Россия – Украина уруши ҳарбий ва дипломатик жабҳалардан чиқиб, эндиликда чуқур стратегик, иқтисодий ҳамда гуманитар инқирозларни келтириб чиқармоқда. Майдондаги тўқнашувлар доираси тобора кенгайиб, у нафақат давлатлар чегараларини, балки БМТ ҳисоботларида таъкидланганидек, бутун дунё хавфсизлик архитектурасини синовдан ўтказмоқда.
Ҳарбий ҳаракатлар театрида Украина Мудофаа кучлари Россия ҳудудидаги ва босиб олинган жойлардаги муҳим логистика ҳамда энергетика инфратузилмаларига доимий зарбалар бериш стратегиясини давом эттирмоқда. 17 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский ўзнинг Telegram-каналида махсус хизматлар ҳамкорлигида амалга оширилган навбатдаги амалиёт видеосини эълон қилди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина Хавфсизлик хизмати, Махсус операциялар кучлари, Бош разведка бошқармаси ва Ташқи разведка хизмати ҳамкорлигида Ярославль вилоятидаги “Славнефть-ЯНОС” нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Ростов-Дондаги “Марказий” ҳарбий аэродромига зарбалар берилган. Кейинчалик Украина Бош штаби ҳам ушбу ҳужум тафсилотларини тасдиқлади. Маълумотларга кўра, Ростовдаги аэродромда Россия ҳарбийларига қарашли 2 та Ан-26 ва 1 та Ан-12 транспорт самолёти ҳамда 3 та вертолёт шикастланган, ҳудудда ёнғин ва портлашлар қайд этилган. Шунингдек, йилига қарийб 15 миллион тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ва Россия қуролли кучлари эҳтиёжларини ёнилғи билан таъминлаб келаётган “Славнефть-ЯНОС” корхонасининг бирламчи қайта ишлаш қурилмасига зарар етказилган. Бундан ташқари, “Укринформ” берган хабарга кўра, Украина кучлари вақтинча босиб олинган Қримдаги Саки авиабазасида Россиянинг Су-24 самолётини ҳам нишонга олган.
Ҳарбий ҳаракатларнинг шиддати фонида ҳар икки томондаги йўқотишлар статистикалари ҳам ўсиб бормоқда. Украина Қуролли кучлари Бош штабининг 17 сентябрь куни эълон қилган маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Россия армиясининг йўқотишлари 1 миллион 513 минг 490 нафарга етган. Сўнгги бир сутканинг ўзида Россия томони 1 960 нафар ҳарбий хизматчисидан айрилган. Бош штаб ҳисоботида таъкидланишича, тўлиқ миқёсли уруш давомида Россия 12 346 та танк, 25 345 та зирҳли жанговар машина, 49 863 та артиллерия тизими, 520 мингдан ортиқ учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда юзлаб самолёт ва вертолётларини йўқотган. Аммо Россия томонидан бу рақамлар расман тасдиқланмаган.
Бироқ фронтдаги улкан йўқотишлар Россия жамиятининг ички ижтимоий қатламларига ҳам бевосита таъсир ўтказмай қолмаяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видеода россиялик фуқаролардан бири ўз қишлоғидаги демографик ва ижтимоий ўзгаришларни очиқ тасвирлайди. Унинг айтишича уруш туфайли “алкашлар” қирилиб кетяпти.
“Бизнинг қишлоқда бирорта ҳам алкаш қолмади. Участка нозири ҳаммасини махсус ҳарбий операцияга жўнатди ва ҳаммаси ҳалок бўлди”, дейди у.
Фуқаронинг сўзларига кўра, бундай жараёнлар қамоқхоналарни ҳам қамраб олган бўлиб, ҳукумат “кераксиз ёки шубҳали” деб қаралган қатламлардан халос бўлиш орқали жамиятни қайсидир маънода “тозаламоқда”.
“Кўряпсиз-ку, Путиннинг ўзи айтди-ку, махсус ҳарбий операция – бу ижтимоий лифт. Сиз ундан фойдаланишингиз мумкин. Фақат у қандай нарх эвазига, ким тирик қолишини айтмади”, дея амалдаги сиёсат устидан аччиқ пичинг қилади.
Унинг фикрича, урушдан омон қайтганлар кейинчалик “қон билан ҳокимиятга боғланган” ҳолда турли давлат ва жамият лавозимларига тайинланмоқда.
Зиддиятнинг шиддатли тус олиши тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмалари учун ҳам жиддий хавф туғдиришда давом этмоқда. 16 сентябрь куни Россия кучлари Днепропетровск вилоятининг Никополь туманида йўловчи автобусига камикадзе-дрон орқали зарба берган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 5 киши воқеа жойида ҳалок бўлган, 7 киши эса оғир жароҳатлар олган. Россия ва Украина ўртасида бундай объектларга берилаётган зарбалар кўлами тобора ортиб бормоқда. Масалан, жорий ҳафта бошида Польша чегараси яқинида Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг собиқ юқори мартабали мулозимларини, жумладан Борис Жонсон ва Карл Бильдтни олиб кетаётган дипломатик поезд станцияни тарк этганидан бир неча дақиқа ўтиб дронлар ҳужумига учраган эди. Шу билан бирга, 15 сентябрга ўтар кечаси Украина кучлари ҳам Таганрог шаҳрига ракеталар ва дронлар билан зарба берган.
Ушбу ноаниқ ва ҳолдан тойдирувчи шароитда можарога дипломатик ечим топиш ва музокаралар ўтказиш борасидаги чақириқлар ҳам қулоққа чалинмоқда. Польшанинг Варшава университети профессори Адам Веломский X ижтимоий тармоғида Киев Россия билан зудлик билан музокараларни бошлаши кераклигини илгари сурди.
“Киев бу урушда ғалаба қила олмайди. Шунинг учун музокара столига ўтириб, урушни тугатиш бўйича келишувга эришишимиз керак. Аксинча, демографик жиҳатдан ҳолдан тойган Украина охир-оқибат қулайди”, деган огоҳликни берди.
Унинг фикрича, вақт Москва томонида ишламоқда ва Украинанинг сафарбарлик ресурслари чекланган. Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва дипломатик йўлдан воз кечмагани ҳамда АҚШ иштирокидаги икки ва уч томонлама музокараларга тайёрлигини билдирди. Бироқ Украина раҳбарияти ва халқаро иттифоқчилар ҳозирча бундай шартларга шубҳа билан қарамоқда.
“Россиянинг қилиғидан хавотирда эмасман”
Россиянинг анъанавий иттифоқчилари билан муносабатлари ҳам тобора совуқлашмоқда. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат олдидаги нутқида Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқариб юборилишидан мутлақо хавотирда эмаслигини маълум қилди. У вазиятни арманларнинг “Кикоснинг ўлими” эртаги билан солиштирди.
“Бизнинг фикримиз шундан иборатки, агар бизни чиқариб юбормоқчи бўлишса, чиқариб юборишсин. Агар чиқариб юборишни исташмаса, чиқаришмасин”, дея кескин ва беписанд муносабат билдирди.
Пашинян, шунингдек, Гюмридаги Россия ҳарбий базасининг Арманистонда қолиши ёки чиқиб кетиши ҳам Москва қарорига боғлиқлигини, у Ереван хавфсизлиги учун дахлсиз омил эмаслигини очиқ айтди.
“Бизга бу ҳарбий база керак эмас. Россия – бизнинг дўст мамлакатимиз. Агар улар уни олиб чиқиб кетмоқчи бўлишса, олиб чиқишсин, эртагаёқ олиб чиқишсин. Агар қолишни исташса, биз Арманистон Республикасида бизга керак бўлмаган базани сақлаб туриш шартларини муҳокама қилишга тайёрмиз”, дейди у.
Германия Россияга қарши урушга тайёрланмоқда
Минтақавий зиддиятларнинг фазовий кўлами эса Европа давлатларини ҳарбий тайёргарликларни кучайтиришга мажбур этмоқда. “Bloomberg” тарқатган маълумотларга кўра, Германия ҳукумати ва мудофаа идоралари Россиянинг НАТО давлатларидан бирига эҳтимолий ҳужуми сценарийларига тайёргарлик кўрмоқда. Германия армияси ҳисоб-китобларига кўра, тўғридан-тўғри уруш келиб чиққан тақдирда, мамлакатга ҳар куни 1 000 нафаргача ярадор ҳарбий олиб келиниши мумкин. Фуқаролик шифохоналари ҳамда хирурглар ҳарбий жароҳатларни даволаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтказилмоқда. Германия Мудофаа вазири Борис Писториус Россия 2029 йилга бориб НАТО билан тўлиқ миқёсли урушга тайёр бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ушбу хавотирлар БМТ томонидан 15 сентябрь куни эълон қилинган янги глобал докладда ҳам ўз аксини топган. Дунёнинг 1,3 минг нафар экспертлари ва масъуллари ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, “йирик миқёсли уруш” таҳдиди охирги икки йилда энг тез ўсаётган хавф сифатида 16 поғонага кўтарилиб, биринчи ўринга чиқиб олган. Респондентларнинг 76 фоизи яқин етти йил ичида глобал уруш оқибатлари инсониятга бевосита таъсир қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. БМТ докладига кўра, ушбу таҳдид бир вақтнинг ўзида даҳшатлилик даражаси, вақт бўйича яқинлиги, бошқа инқирозларни келтириб чиқариши ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг унга тайёр эмаслиги каби 4 та асосий мезон бўйича ҳам энг хатарли деб топилган ягона глобал хавфдир.
Ҳусийлар Маккага ҳужум қилди(ми?)
Яқин Шарқдаги танглик эса шунчаки минтақавий низо чегарасидан чиқиб, глобал энергия хавфсизлиги ва ҳарбий мувозанатни остин-устун қилувчи янги, ўта хатарли босқичга ўтди. АҚШ ва Эрон ўртасида ортиқ олти ойдан бери давом этаётган тўғридан-тўғри ва билвосита тўқнашувлар оқибатида Ҳормуз бўғози орқали кемалар қатнови кескин қисқарган бир пайтда, Ямандаги ҳусийлар ҳаракати ҳам фронт чизиғини кутилмаган даражада кенгайтирди. Ҳусийларнинг Қизил денгиз соҳилидаги, хусусан, дунё савдосининг артерияси ҳисобланган Боб ал-Мандаб бўғозига туташ ҳудудларни назоратга олиши, Ҳормуз муаммосидан қочиб нефть экспортини муқобил йўллар билан таъминлашга уринаётган Саудия Арабистони учун жиддий стратегик таҳдидга айланди.
Минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар ва ҳаво тўқнашувлари сўнгги кунларда кескин тус олди. 16 сентябрь куни ҳусийлар ҳаракатининг ҳарбий вакили, генерал Яҳё Сарининг “The National” нашрига маълум қилишича, ҳусийлар Яманнинг Мариб провинцияси осмонида Саудия Арабистони Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-15 қирувчи самолётини маҳаллий ишлаб чиқарилган зенит ракетаси билан уриб туширган. Сарининг таъкидлашича, ушбу воқеадан сўнг ҳаво ҳудудига поймол бўлган самолётни қидириш учун кирган Саудиянинг бошқа F-15 ва Eurofighter Typhoon қирувчи самолётлари ҳам ҳусийларнинг ракеталарига нишон бўлиб, ҳудуддан чекинишга мажбур бўлган. Бундан ташқари, генерал Яҳё Сари ўтган ҳафта давомида Саудия Яманнинг Аль-Байдо, Мариб, Таиз, Хажжа, Ал-Жауф ва Лаҳж провинцияларига 450 дан ортиқ авиазарба берганини айтди. Бу рақамлар 2015 йилдан буён давом этиб келаётган, аммо сўнгги йилларда ўт очишни тўхтатиш келишувлари сабабли бирмунча тинчиган ҳарбий можаро энг юқори нуқтасига етганини кўрсатади.
Ҳаво тўқнашувлари билан бир вақтда ахборот ва дипломатик жабҳада ҳам ўзаро айбловлар уруши қизимоқда. Араб коалицияси вакили генерал-майор Турки ал-Маликининг баёнот беришича, Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 15 сентябрь куни кечқурун мусулмон дунёси учун муқаддас бўлган Макка шаҳри яқинида ҳусийларнинг зарба берувчи дронини тутиб қолган ва уриб туширган. Ал-Малики Макка, зиёратчилар ва шаҳар меҳмонларининг хавфсизлиги Коалиция учун “қизил чизиқ” эканини эслатиб, бу ҳусийларнинг 2017 йил июлида учирилган баллистик ракетадан сўнг Маккага ҳужум қилишга бўлган иккинчи уриниши эканини урғулади. Бироқ ҳусийлар бу айбловларни зудлик билан рад этди. Ҳусийлар сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад ал-Фараҳ “SABA” ахборот агентлиги орқали берган баёнотида, гуруҳ муқаддас шаҳарни нишонга олмаганини айтиб, Ар-Риёднинг даъволарини “очиқ-ойдин ёлғон” деб атади.
Уйингизда ўлинг
Таиландда узоқ вақтдан бери истиқомат қилиб келаётган чет элликларга кутилмаган ва ўта кескин маслаҳат берилди. Мамлакат Бош вазири ўринбосари ва Ички ишлар вазири Анутин Чанвиракун Таиланд провинциялари губернаторлари билан ўтказилган йиғилишда хорижликларнинг маҳаллий ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилмасдан, ўз ватанига бориб ўлиши кераклигини таъкидлади. Чанвиракун Таиланд расмийлари ва маҳаллий инфратузилмадан ортиқча талаблар қилаётган чет элликларга қарши фикрлар ҳам билдирган.
“Яқинда мен ҳатто хусусий қабристон ташкил этиш бўйича сўров тушганидан хабар топдим. Бу энди ҳаддан ташқари ортиқча, ҳамма чегаралардан чиқиб кетишдир. Бу ерга келишингизга рухсат берганимиз учун миннатдор бўлишингиз керак. Ҳалол меҳнат қилиб даромад топиш учун келинг. Агар ўлишингиз пешонангизга ёзилган бўлса, ўз ватанингизга бориб ўлинг. Бу ерда ўлишнинг ҳожати йўқ. Биз берган имкониятларни суиистеъмол қилишга уринманг”, дея баёнот берди.
Ички ишлар вазирининг бу пичинг ва кесатиқ гаплари Таиланд раҳбариятининг хорижликлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга нисбатан сабр косаси тўлганидан дарак беради.
Таиланд ҳукумати сўнгги пайтларда мамлакатда истиқомат қилаётган ва бизнес юритаётган хорижликларга нисбатан ўзининг дипломатик пардаларсиз ва анча кескин позициясини намойиш эта бошлади. “Табассумлар мамлакати” сифатида танилган ушбу сайёҳлик масканида чет эл фуқаролари ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги муносабатлар шунчаки меҳмондўстлик ва туризмдан ташқари, миллий суверенитет ва ҳуқуқий тартиб масаласига бориб тақалмоқда. Мамлакат расмийларининг сўнгги чиқишлари Таиланд хорижий инвестиция ва туристлар оқимига муҳтож бўлсада, уларнинг маҳаллий қонунчилик ҳамда маданий қадриятларни четлаб ўтишига бошқа тоқат қилмоқчи эмаслигини кўрсатиб берди.
Жорий ҳафта бошида Таиланд расмийларининг тўғридан-тўғри фармойиши билан мамлакатда икки йил олдин ташкил этилган ва маҳаллий маъмурият томонидан қабристон лицензияси узайтирилмаган хусусий яҳудий қабристони тугатилган. Таъкидлаш жоизки, Таиланд аҳолисининг кўпчилиги буддавийликка эътиқод қилади ва ушбу анъанага кўра, марҳумларнинг жасади куйдирилади. Шу сабабли Қиролликда анъанавий қабристонлар ўта кам учрайди, мавжудларининг аксарияти мусулмон ва хитой жамоаларига тегишли. Шунингдек, мамлакатда католик ва протестант насронийлари учун бир нечта расмий қабристонлар ҳамда битта рус православ қабристони мавжуд. Бироқ, хорижий жамоаларнинг расмий рухсатсиз ёки лицензияси тугаганидан кейин ҳам ноқонуний ер ажратиш ва объектлар барпо этиш ҳаракатлари Бангкок ҳукумати томонидан қонунбузарлик деб баҳоланмоқда.
Анутин Чанвиракун ўз нутқида фақат қабристонлар масаласи билан чекланиб қолгани йўқ. У чет элликларнинг ҳокимият рухсатисиз Таиланд ҳудудида ўз хоҳиши билан диний муассасалар ва жамоалар тузмаслиги кераклигини алоҳида уқдириб ўтди. Вазир хорижлик тадбиркорларнинг айёрликларига ҳам тўхталиб, айниқса “ресторан учун лицензия олиб, унинг ўрнига ибодатхона ёки ёпиқ клублар очиш” амалиётига мутлақо йўл қўйилмаслигини билдирди. Шу билан бирга, губернаторларга ўз провинциялари ҳудудида чет эл фуқароларининг ҳар қандай ноқонуний фаолиятига ҳамда Таиланд анъаналари ва халқига ҳурматсизлик қилиш ҳолатларига қатъий чек қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Таиланд ҳукуматининг бу каби кескин позицияси хорижликларнинг маҳаллий иқтисодиётдаги ноқонуний ҳаракатларига ҳам дахлдордир.
“Таиланд чет элликларни қабул қилишга тайёр, аммо ҳамкорлик ўзаро манфаатли бўлиши керак. Туризм мамлакатга маблағ ва инвестициялар олиб келади, аммо бу ҳеч кимга бошқаларни суиистеъмол қилиш ёки инвестициялардан ноқонуний фаолият юритиш учун фойдаланиш ҳуқуқини бермайди”, дейди Чанвиракун.
Вазир мамлакат ҳудудида бизнес ташкил этишда Таиланд фуқароларидан сохта номдор аъзолар сифатида фойдаланиш, яширин ноқонуний схемаларни тузиш ҳам шундай тартиб бузарликлар сирасига киришини тушунтирди. Муҳими шундаки, Бангкок расмийлари бу муаммони фақат битта минтақа вакилларига боғламаётганини, гап Осиё, Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Европа ва Африка давлатларидан келган барча чет эл фуқаролари ҳақида кетаётганини айтмоқда.
Live
Барчаси