Украина Москвага энг йирик дрон ҳужумини уюштирди. Қурбонлар бор
Олам
−
10:56 914 2 дақиқа
Россия пойтахти Москва сўнгги бир сутка ичида энг йирик дрон ҳужумига учради. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари кеча, 19 сентябрь кунидан буён Москва томон йўналган 1600 дан ортиқ учувчисиз учиш қурилмасини уриб туширди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг айтишича, йўқ қилинган дронларнинг 450 таси Москва шаҳрига яқинлашаётган пайтда уриб туширилган.
“Мисли кўрилмаган ҳужум сайловларни барбод қилиш мақсадида режалаштирилгани аниқ. Душман бунга эриша олмади”, деб ёзган Собянин Telegram каналида.
Дронлар ҳужуми оқибатида Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги объектлардан бири шикастланган. Шунингдек, дронлардан бири Москванинг жанубидаги Ореховий булвари ҳудудидаги бинога урилган.
Москва вилоятидаги 17 та округ ҳам дронлар ҳужумига учраган. Ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, яна 6 киши жароҳатланган.
Ҳужумлар сабаб Москванинг Домодедово, Внуково, Шереметьево ва Жуковский аэропортлари самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. 30 дан ортиқ рейс Москва аэропортларига қўна олмаган ва бошқа шаҳарлардаги аэропортларга йўналтирилган.
Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Украина ҳарбий раҳбарияти “Россия ҳужумларига жавобан узоқ масофага ҳаракат қилувчи қуроллардан фойдаланган ҳолда” янги операцияларни келишиб олганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия кучлари жорий йилнинг 18 сентябрь куни кечқурун Суми шаҳрига 6–7 та бошқариладиган авиабомба билан зарба берганди. Ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, 7 киши жароҳатланган.