АҚШ Озарбайжон ва Арманистонни қуролли тўқнашувни тўхтатишга чақирди
Олам
−
13 Сентябрь 2022
2632АҚШ Давлат департаменти Арманистон-Озарбайжон чегарасида ҳарбий қарама-қаршилик кучайгани ҳақидаги хабарлар сабаб “чуқур хавотир” билдирди ва томонларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
“Биз олдин айтганимиздек, можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Биз ҳар қандай жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, дейди Давлат департаменти раҳбари.
Арманистон Бош вазири эса аллақачон “ака”лари билан мулоқотни бошлаб юборди. Хусусан, Арманистон Бош вазири матбуот хизмати Блинкен ва Никол Пашинян ўртасида телефон орқали мулоқот бўлганини таъкидлади.
“Энтони Блинкен Америка томонининг вазиятдан чуқур хавотирда эканлигини билдирди ва вазиятни янада кескинлаштиришни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблади. У АҚШнинг вазиятни барқарорлаштириш учун саъй-ҳаракатларга тайёрлигини билдирди”, дейилади расмий Ереван хабарида.
Арманистон ҳукумати раҳбари сайтида хабар қилинишича, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам вазиятни юмшатиш зарурлигига чақирган, Пашинян у билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган.
“Президент Макрон кескинликнинг янада кучайишини қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблади ва вазиятни юмшатиш зарурлигини таъкидлади”, дейди Пашинян матбуот хизмати.
Шу билан бирга, Елисей саройи икки етакчи ўртасида суҳбат бўлганини тасдиқламади.
Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.
Расмий Бакуга кўра, 12 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган.
Арманистон эса Бакуни чегарада отишма уюштиридай айблаяпти.