АҚШ Венесуэла Президенти ҳибсга олиниши учун 25 млн доллар мукофот эълон қилди
Олам
−
11 Январь
3421АҚШ Венесуэланинг қайта сайланган Президенти Николас Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 25 миллион доллар тўлайди. Бу ҳақда кеча, 10 январь Мадуро учинчи президентлик муддатига инаугурация қилган куни АҚШ Молия вазирлиги маълум қилди.
Вашингтон Мадуронинг ўтган йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмайди, мухолифат эса сайловдаги йирик фирибгарлик далилларини тақдим этди. Венесуэла Ички ишлар вазири Диосдадо Кабельо ва Мудофаа вазири Владимир Падринонинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумотлар учун ҳам катта пул мукофотлари эълон қилинган.
АҚШ олдин ҳам Мадурони ҳибсга олишда ёрдам бериш учун пул таклиф қилган. 2020 йилда 15 миллион доллар мукофот эълон қилинган бўлса, ҳозир бу миқдор деярли икки баравар кўпайди.
АҚШ расмийларига кўра, Мадуро наркотик картеллари ва халқаро кокаин савдоси тармоғи билан чамбарчас боғлиқ. Қўшма Штатлар Мадуронинг 2018 йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмади ва уни қонуний президент деб ҳисоблашдан бош тортди.
Кеча, 10 январь куни АҚШ Молия вазирлиги Николас Мадуронинг ҳокимият тепасига келишига ва унинг репрессив сиёсатига ҳисса қўшган бир қатор Венесуэла жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар жорий қилди. "Қора рўйхат"га киритилганлар орасида давлат нефть компанияси PdVSA раҳбари Эктор Андрес Обрегон, Транспорт вазири ва CONVIASA миллий авиакомпанияси президенти Рамон Целестино Веласкес, Ички ишлар вазири ўринбосари Феликс Рамон Осорио ва қатор юқори мартабали ҳарбий ва полиция ходимлари бор.
Шунингдек, Буюк Британия ҳам Мадуронинг 15 ҳамкорига қарши ҳам санкция киритди. Лондон ҳам президентлик сайловлари натижалари ва Мадуронинг улардаги ғалабасини тан олмайди.
“Буюк Британия Мадуронинг демократияни тор-мор этаётгани ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилаётганини кузатиб турмайди. Барча сиёсий маҳбуслар озод этилиши ва репрессиялар тўхтатилиши керак. Биз Венесуэла халқининг демократик келажак учун курашида қўллаб-қувватлашда давом этамиз”, деди Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми.
Европа Иттифоқи ҳам Мадуро инаугурацияси куни Венесуэлага қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди.
Маълумот учун, 2024 йил 28 июлда Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг амалдаги Президенти Николас Мадуро ғалаба қозонди ва учинчи муддатга қайта сайланди. Мухолифатга кўра, Эдмундо Гонсалес 70 фоиздан ортиқ овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди. Мухолифат сайлов участкаларининг 80% дан ортиғининг протоколларини эълон қилди, бу эса Гонсалес сайловда сезиларли фарқ билан ғалаба қозонганини кўрсатди. Мадурони ғолиб деб эълон қилган Миллий сайлов кенгаши эса протоколларни эълон қилмаган.
Сайловлар ортидан Венесуэла оммавий норозилик намойишлари билан қамраб олинган, намойишчилар Мадурони овозларни сохталаштиришда айблаган эди.
10 январь куни Каракасда президентлик қасамёдини қабул қилган Мадуро унинг учинчи муддати “тинчлик, фаровонлик, тенглик ва янги демократия” даври бўлишига ваъда берди.
Мухолифат инаугурация маросимини давлат тўнтариши, Вашингтон эса фарс деб атади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла ҳукумати мухолифат етакчиларидан бири Эдмундо Гонсалес Уррутиани ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилганди.
LiveБарчаси