АҚШ Конгресси вакиллари Ўзбекистонга келади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрига ташриф доирасида кеча, 5 ноябрь куни ўзига ажратилган қароргоҳда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Билл Хайзенга, Кэрол Миллер ва Сидни Камлагер-Давни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат парламентларининг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, АҚШ Конгрессида Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус самарали фаолият олиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. .

Конгресс олий даражада эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга доир келишувларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиши муҳим экани таъкидланган.

Ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, конгрессменлар вакиллик қилаётган Ғарбий Виржиния, Мичиган ва Калифорния штатлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашув якунида АҚШ Конгресси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари бошчилигидаги ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтонда Президент Шавкат Мирзиёевни АҚШда ишлаётган ва таълим олаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар кутиб олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Вашингтон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг