АҚШ Хоразмдаги педофил амалдорларга нисбатан санкциялар киритди

Олам

image

Бугун, 2 декабрь куни Халқаро қулликка барҳам бериш куни муносабати билан АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ уч нафар расмийларини Хоразмдаги меҳрибонлик уйида болаларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик қилиш, одам савдоси ва гендерга асосланган зўравонликда иштирок этгани учун глобал Магнитский қонуни санкциялари рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.

“Ушбу шахслар – Юлдуз Худойберганова, Анвар Курязов ва Ойбек Машарипов Ўзбекистон ҳукумати расмийлари сифатида ўз лавозимларига эгалик даврида болаларни жисмоний зўрлаш, жинсий тажовуз қилиш ва одам савдосида иштирок этган. Худойберганова меҳрибонлик уйининг директори бўлган, Машарипов Хоразм вилоятининг Адлия бошқармаси раҳбари, Курязов эса туман Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари эди. Худойберганова камида уч нафар қизни 10 ой давомида жинсий алоқада бўлишга мажбур қилган ва уларга ҳаракатни амалга ошириш эвазига маблағ ва мол-мулк берган. Худайберганова қизларнинг талабларга риоя қилишини таъминлаш учун турли хил мажбурлаш тактикаларини қўллаган, жумладан жисмоний калтаклаш, таҳдид, очлик ва тенгдошларидан изоляция. Машарипов ҳам, Курязов ҳам болалар уйига берган “совғалари” учун компенсация сифатида етим болалар билан жинсий алоқага киришни талаб қилган. Курязов ва Машарипов ёш қизларни ўлжа қилиш учун болалар уйига бир неча бор ташриф буюрган”, дейилади хабарда.  

Эдиликда мазкур шахсларнинг АҚШда жойлашган ёки АҚШ фуқароларининг назорати остидаги барча активлари ва мулкий манфаатлари музлатилади. Уларнинг улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлган ҳар қандай компаниялари ҳам блокланиши мумкин. Шунингдек, уларга АҚШ Давлат департаменти томонидан виза чекловлари қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 3 ноябрь куни ушбу амалдорларга оид жиноят иши бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинганди. Унга кўра, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Ойбек Машарипов 3 йилга ва Янгиариқ тумани ФВВ собиқ бошлиғи Анвар Қурязов 2 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. 

Кейинчалик, улар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзилли колонияга юборилгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хоразм педофил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг