АҚШ Хитойни Россияга ёрдам бериш оқибатларидан огоҳлантирди
Олам
−
06 Апрель
14376АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен бугун, 6 апрель куни Гуанчжоу шаҳрида Хитой Бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн билан учрашди ва уни мамлакат компаниялари Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаётгани аниқланса, бу Хитой бизнеси учун жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда AFP агентлиги хабар берди.
АҚШ Молия вазири бу ҳақда Вашингтон Пекиннинг Россия Федерацияси мудофаа-саноат базасини тиклашдаги ёрдамидан хавотир билдирганидан бир неча кун ўтиб маълум қилган.
“Йеллен компаниялар, жумладан Хитой компаниялари Россиянинг Украинага қарши урушини, шунингдек, Россия мудофаа-саноат базасини қўллаб-қувватлашга моддий ёрдам кўрсатмаслиги кераклигини таъкидлади ва агар улар шундай қилса, жиддий оқибатларга олиб келишини айтди”, дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.
Қайд этиш жоизки, бу Жанет Йелленнинг Хитойга иккинчи ташрифидир. У биринчи марта ўтган йилнинг июль ойида Хитойга борган.
Маълумот учун, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўтган йилнинг июнь ойида Хитойга икки кунлик ташриф билан борган ва 2018 йилдан бери Хитойга ташриф буюрган энг юқори мартабали АҚШ расмийсига айланган эди. Ярим соатлик учрашувдан сўнг Хитой раҳбари Си Цзиньпин “томонлар бир қатор мавзуларда тараққиёт ва якдилликка эришганини” айтди.
Блинкеннинг ўзи сафардан сўнг WION телеканалидаги кўрсатувда Хитой ҳукумати уни Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга ҳалокатли ёрдам бермаётганига ишонтирганини айтди. 2023 йил ноябрь ойида АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Сан-Франциско чеккасида учрашишди, бироқ уларнинг учрашуви “муҳим ютуқлар” келтирмади.
Пекин ва Вашингтон ўртасида савдо, хусусан, чип ишлаб чиқариш билан боғлиқ бир қатор келишмовчиликлар мавжуд. Сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар, жумладан, ХХРда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Вашингтоннинг Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблаган Тайванни қўллаб-қувватлаши туфайли кескин ёмонлашди. Масалан, 2022 йил август ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг ўша пайтдаги спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифидан сўнг икки давлат орасидаги ўзаро алоқалар кескинлашди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин телефон орқали гаплашиб, Украинадаги урушни муҳокама қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь