АҚШ Қатардан Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида воситачилик қилишни сўради

Олам

image

Қўшма Штатлар Қатардан Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда ёрдам сўради. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Washington Post” хабар берди.

Уларнинг сўзларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида сулҳ тузиш бўйича музокараларда воситачилик қилган Қатар, Байден маъмуриятидан Исроил-Ливан чегарасида “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги тарангликни камайтиришга ёрдам бериш сўровини олган.

“Ҳизбуллоҳ” вакилининг газетага айтишича, Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўлса, ноябрь ойида Ғазода бир ҳафталик танаффус пайтида бўлгани каби гуруҳ Ливанда ҳам жавоб қайтаради. Шу билан бирга, у Ғазодаги уруш бутунлай тугамагунча “Ҳизбуллоҳ” кенгроқ келишувга рози бўлмаслигини таъкидлади.

Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва Америка расмийлари ўртасидаги шахсий учрашувлардан бирида иштирок этган мулозимнинг айтишича, Мудофаа вазирлиги раҳбари Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” Исроилга таҳдид солаётганини айтган.

“Галант Эрон тўсатдан Исроилни йўқ қилиш учун кенг кўламли уруш бошлаши мумкин деган фикрни билдирди, бу муболаға ва Америка разведка маълумотларига тўғри келмайди", деб ёзади газета расмийнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.

“The Wall Street Journal” нашрининг Байден маъмурияти расмийларидан бирига таяниб ёзишича,  “Ҳизбуллоҳ” Исроил кучлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатмагунча, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ниятида эмас.

NBC суҳбатдошлари эса Вашингтонда Исроил яқин ҳафталарда Ливанга қуруқликдан ҳужум бошлаши мумкинлигидан хавотир билдирди. Уларга кўра, Исроил расмийлари Вашингтон босимига қарамай, Ливанга ҳужум қилиш режаларидан воз кечмаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг