АҚШ Исроил ва Сурия ўртасига тушди
Олам
−
17 Июль 8955 2 дақиқа
АҚШ Исроил ва Сурия ўртасидаги “ташвишли ва даҳшатли вазият”га якун ясовчи чораларни келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кеча, 16 июль куни Оқ уйда Баҳрайн шаҳзодаси – Бош вазир Салмон бин Ҳамад Ал Ҳалифа билан учрашувда, журналистларнинг саволига жавоб бериш чоғида маълум қилди.
Унга кўра, АҚШ Исроил ва Сурия ўртасидаги можаро билан боғлиқ барча томонлар билан кескинликни юмшатишга қаратилган аниқ чораларни келишиб олган.
У “яқин орада ушбу ташвишли ва даҳшатли вазиятга нуқта қўйилади”, деган ишонч билдирган. Аммо ушбу келишув доирасидаги мажбуриятларнинг айнан нимадан иборат экани ҳақида изоҳ бермаган.
Бундан бироз вақт олдин, “Axios” нашри юқори лавозимли америкалик мулозимга таяниб, АҚШнинг Суриядаги махсус вакили Том Баррак Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг маслаҳатчиси Рон Дермер билан бир неча марта телефон орқали суҳбат ўтказгани ҳақида ёзган.
“Биз исроилликларни орқага чекинишга чақирдик”, деган нашр манбаси.
Исроилнинг Сурияга зарбаси
Кеча, 16 июль куни Исроил армияси друзлар можароси кучайгани сабабли Сурия билан чегарадош ҳудудларда ўз ҳарбий фаоллигини оширишга қарор қилганини эълон қилди. Ушбу тўқнашувлар, хусусан, Сувайда шаҳрида юз бермоқда. Дамашқ эса минтақада “хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш” учун шаҳарга қўшин юборган.
Исроил ҳарбийлари Дамашқ атрофларидаги ва Сурия жанубидаги объектларга зарбалар берганини билдирган, бу зарбалар жумласига Президент саройи атрофидаги ҳудуд ҳамда Мудофаа вазирлиги биноси ҳам кирган.
Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Сурияга огоҳлантириш бериб, агар Сувайдада друзларга тинчлик берилмаса ва ҳукумат қўшинлари олиб чиқилмаса, Сурия “оғир йўқотишларга” учрашини айтди. 16 июль куни кечқурун Сурия ҳукумати маҳаллий этник жамоалар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар туфайли мамлакат жануби-ғарбидаги Сувайда шаҳридан армия бўлинмалари олиб чиқилишини эълон қилди. Ҳукумат қўшинларининг минтақадан олиб чиқилиши друзлар билан тузилган сулҳ битимининг бир қисми экани айтилди.
Маълумот учун, друзлар – Яқин Шарқдаги ўзига хос, ёпиқ этно-диний гуруҳ бўлиб, улар араб бўлишса-да, Исмоилий шиа мазҳабига асосланган, неоплатонизм, гностицизм ва яҳудийлик элементлари билан аралашган монотеистик диний эътиқодга эга. Друзлар Суриянинг ғарбий ҳудудларида, шунингдек, Ливанда ва Исроилнинг шимолида истиқомат қилади.
Друз жангчилари, умуман олганда, Башар Асад режимининг ағдарилишини мамнуният билан қабул қилган, бироқ Дамашқдаги янги ҳокимиятга нисбатан шубҳа билан қараган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь