АҚШ Исроил Рафаҳда қирғинни давом эттирса, томошабин бўлиб турмоқчи
Олам
−
29 Май
4863Қўшма Штатлар маъмурияти Исроил ҳукумати Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида операцияни давом эттирса, уларга нисбатан чекловлар қўймоқчи эмас. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби журналистлар учун ўтказилган навбатдаги брифингда маълум қилди.
Ундан Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилишида Халқаро жиноий суднинг Рафаҳдаги операцияни тўхтатиш кераклиги ҳақидаги қарорига риоя қилмаса, Исроилга қарши санкциялар қўллаш имконияти муҳокама қилинганига изоҳ бериши сўралди.
“Мен бу ҳақда гапиришни европаликларнинг ихтиёрига қолдираман. Биз Халқаро жиноий суд қарори асосида бундай жазо чораларини қўллашни режалаштирмаяпмиз, бу қарорга рози эмасмиз ва улар [бу масалада] юрисдикцияга эга эканлигига ишонмаймиз”, дейди Кирби.
Ирландия Ташқи ишлар ва мудофаа вазири Михол Мартин 27 май куни айтганидек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбарлари Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида операцияни давом эттирса, унга қарши санкциялар қўллаш имкониятини батафсил муҳокама қилди. Унинг аниқлик киритишича, томонлар биринчи марта санкциялар масаласини жиддий муҳокама қилган.
Халқаро жиноий суд жорий йилнинг 24 май куни Жанубий Африканинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун қўйган даъвоси доирасида Исроилга нисбатан қўшимча вақтинчалик чоралар кўриш тўғрисида қарор чиқарди. Унга кўра, Исроил армияси Рафаҳдаги ҳужумни зудлик билан тўхтатиб, фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун худди шу номдаги назорат-ўтказиш пунктини очиқ қолдириши керак. Бундан ташқари, яҳудий давлати ҳар қандай тергов комиссиялари, фактларни аниқлаш миссиялари ёки БМТнинг ваколатли агентликлари томонидан геноцид ҳақидаги даъволарни текшириш учун рухсат берилган бошқа тергов органларининг Ғазо секторига тўсиқсиз киришини таъминлаш чораларини кўриши лозим.
27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди.
Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди.
LiveБарчаси