АҚШ грин-карта учун 100 минг долларлик гаров пули жорий этмоқчи – ОАВ
Олам
−
21 июл 2818 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати доимий яшаш ҳуқуқини (грин-карта) олмоқчи бўлган хорижликлар учун пул кўринишидаги гаров суммасини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Давлат департаменти ушбу таклифни Дональд Трамп маъмуриятининг иммиграцияни қисқартириш бўйича чора-тадбирлари доирасида ишлаб чиқмоқда. Янгиликни чекланган сонли мамлакатларнинг айрим ариза топширувчиларида синаб кўриш таклиф этилмоқда, бироқ ушбу мамлакатлар рўйхатига аниқлик киритилмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гаров суммаси 100 минг долларни ташкил этади. Шу билан бирга, муайян ҳолатга қараб гаров миқдори ушбу рақамдан кўпроқ ёки камроқ бўлиши ҳам мумкин.
Гаров пули фақатгина грин-карта эгаси АҚШ фуқаролигини олганидан кейин қайтариб берилади. Амaлдаги қонунчиликка кўра, бу жараён камида 5 йил вақтни олади.
“The Hill” нашрининг Давлат департаментининг расмий вакили Томми Пиготтга таяниб ёзишича, гаров пули АҚШ расмийлари томонидан хорижликларнинг “молиявий жиҳатдан мустақиллиги” кафолати сифатида кўриб чиқилмоқда. Унинг сўзларига кўра, ушбу тўлов тиббий ва бошқа эҳтиёжлари сабабли “жамиятга оғирлиги тушиши мумкин бўлган” хорижликлардан ундирилади.
“Гаров пулини киритиш ариза берувчининг ўзини мустақил равишда таъминлай олишини исботлайди”, дейди Пиготт.
Унинг қайд этишича, бунинг шарофати билан бошқа мезонларга кўра виза ололмаган хорижликлар виза олиш имкониятига эга бўлади.
“The Hill”нинг ёзишича, гаров тизимининг жорий этилиши АҚШда яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш харажатларини сезиларли даражада оширади. Ҳозирда хориждан ариза топшираётган чет элликлар иммиграция визаси аризасини (DS-260) онлайн топшириш учун 325 доллар, ариза маъқулланганидан кейин эса Green Card олиш учун 235 доллар миқдорида иммиграция йиғимини тўлашлари керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Олий суди федерал чегара хизмати ходимларига Америка грин-картасига эга бўлган шахсларни депортация қилиш имконини берувчи қарор қабул қилганди. Шунингдек, аввалроқ АҚШ расмийлари вақтинчалик визага эга бўлган хорижликлар учун грин-карта олиш қоидаларини қайта кўриб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, эндиликда ариза берувчиларнинг аксарияти ушбу жараёндан мамлакат ташқарисида ўтишларига тўғри келади.
Live
БарчасиБлогер Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
11 август
Путин ҳеч нарсадан қўрқмаслигини айтди
11 август