АҚШ Ғазо бўйича резолюцияга яна вето қўйди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари кеча, 18 сентябрь куни Ғазо секторида “зудлик билан, сўзсиз ва доимий” ўт очишни тўхтатишни, шунингдек, Исроил томонидан Фаластин ҳудудига инсонпарварлик ёрдами бўйича барча чекловларни олиб ташлашни талаб қиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси лойиҳасига вето қўйди. Вашингтон бундай ҳужжатга олтинчи марта вето қўймоқда.

“Қўшма Штатлар бу қабул қилиб бўлмайдиган резолюцияни рад этади. ҲАМАС учун барча гаровдагиларни истисносиз зудлик билан озод қилиш ва сўзсиз таслим бўлиш вақти келди. Қўшма Штатлар ушбу даҳшатли можарога барҳам бериш учун ҳамкорлари билан ишлашда давом этади”, деди АҚШнинг БМТдаги миссияси вакили Морган Ортагус Трамп маъмурияти қарорини оқлар экан.

Резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 нафар аъзоларидан ўнтаси томонидан тайёрланган. Қолган 14 давлат, АҚШдан фарқли ўлароқ, Исроилнинг Ғазодаги деярли икки йиллик урушидан сўнг БМТнинг секторда очарчилик ҳақида расмий эълон қилганига жавобан август ойида бошланган ҳужжатни қўллаб-қувватлади.

Олдинги сафар – 2024 йил февралида ўтказилган учинчи овоз бериш чоғида БМТ олий органининг фақат битта доимий аъзоси – Буюк Британия бетараф қолган эди.

“Ушбу резолюция Хавфсизлик Кенгаши очликдан азоб чекаётган тинч аҳоли, гаровга олинганлар ёки ўт очишни тўхтатиш талабларидан юз ўгирилмаслигига ишора бўлсин”, деди Даниянинг БМТдаги элчиси Кристина Лассен.

Ўз навбатида, унинг исроиллик мавқедоши Денни Данон “Исроилга қарши резолюциялар гаровга олинганларни озод қилмаслиги ёки минтақа хавфсизлигини таъминламаслиги”ни таъкидлаб, унинг мамлакати Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид содир этаётгани ҳақидаги айбловларни яна рад этди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг