АҚШ Эронга куч ишлатишга тайёр, аммо... – Байден
Олам
−
14 Июль 2022
17740АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди ва Теҳронни тўхтатиш учун куч ишлатишга тайёр, фақат бу охирги чора сифатида қўлланилади. Бу ҳақда кеча, 13 июль куни АҚШ Президенти Жо Байден Исроил телевидениесига берган интервьюсида гапирган.
Телебошловчининг саволига жавобан, Байден: "Охирги чора сифатида, ҳа", деди.
Расмийлари Эронга қарши куч ишлатиш ҳуқуқини бир неча бор ўзида сақлаб қолганлигини билдирган Исроил билан бу мавзудаги алоқалар ҳақида гапирар экан, Байден тафсилотларга тўхталмади, аммо Вашингтон Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишини номақбул деб билишини таъкидлади.
“Мен бу ҳақда спекуляция қилмайман, лекин Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак”, дейди у.
Америка Президенти, шунингдек, Дональд Трамп бошчилигидаги Вашингтоннинг аввалги маъмуриятининг Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасидан чиқиш ҳақидаги қарорини “катта хато” деб атади.
“Улар [эронликлар] энди ядровий қуролга аввалгига қараганда анча яқинроқ”, дейди Байден, Эрон билан ядро дастурини чекловчи янги келишувга чақирар экан.
Байден кеча, 13 июль куни Исроилга ташриф буюрди ва президентликка келганидан кейин биринчи Яқин Шарқ бўйлаб сафарини бошлади. 13-16 июль кунлари у Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Саудия Арабистонига ташриф буюради. Аэропортда Байденни расмий кутиб олиш маросимида Исроил Бош вазири Яир Лапид Байден билан Яқин Шарқда “янги хавфсизлик архитектурасини яратиш”, шунингдек, “кучли глобал коалицияни янгилаш зарурлигини” муҳокама қилиш ниятида эканини айтди. Бу Эрон ядровий дастурини тўхтатади.
LiveБарчаси