АҚШ Эронга қарши янги санкциялар жорий қилди

Олам

image

АҚШ Эронга қарши янги санкциялар пакетини жорий қилиб, мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаийнинг асосий молиявий ҳамкорларидан бири ҳамда яна 13 нафар шахс ва ташкилотни қора рўйхатга киритди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

АҚШ Молия вазирлигининг маълум қилишича, санкциялар Дубайда фаолият юритувчи эронлик банкир ва тадбиркор Али Ансорийга нисбатан қўлланилган. У аввалроқ ҳам Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳамда бошқа тузилмаларнинг фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани учун Буюк Британия томонидан санкцияга учраган эди.

Вазирлик маълумотига кўра, Ансорий давлат маблағларини хориждаги кенг кўламли кўчмас мулк ва тижорат активларига йўналтириб, ўзи, ҳукумат элитаси ҳамда ИИМК манфаатлари учун бойлик тўплаган.

Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Эронда жойлашган учта валюта айирбошлаш компанияси ва хориждаги бир қатор “ниқоб компаниялари”га ҳам санкция жорий қилган. Вашингтоннинг таъкидлашича, ушбу тузилмалар санкция остидаги эрон банклари номидан ҳар йили миллиардлаб долларлик операцияларни амалга оширган ва ҳукуматнинг ноқонуний молиявий фаолиятини яшириш учун кўп босқичли фирмалар тармоғидан фойдаланган.

“АҚШ Эрон ҳукмрон элитасининг молиявий манбаларини узиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Бу тармоқларга қарши ҳаракатлар орқали режимнинг хорижий валютага эришиши ва халқаро молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятлари бевосита чекланмоқда”, деган АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Томми Пиготт баёнотида.

Молия вазирлигининг маълум қилишича, Ансорий аввал АҚШ санкциясига учраган ва 2025 йил октябрь ойида Эрон ҳукумати қарори билан ёпилган Ayandeh Bank банкининг эгаси ва директори бўлган. Вазирлик маълумотига кўра, Ансорий 2011 йилда Сент-Китс ва Невисда ташкил этилган “Smart Global Limited” холдинг компанияси орқали Европа, Форс кўрфази мамлакатлари ва бошқа ҳудудлардаги кўчмас мулк ҳамда тижорат объектларига миллионлаб доллар сармоя киритиш учун турли мамлакатлардаги сохта компаниялар ва банк ҳисобларидан фойдаланган.

“Расман Ансорий номида бўлган ушбу молиявий активларнинг катта қисми аслида Мужтабо Хоманаий, унинг оиласи ҳамда Ансорийни коррупция ва Эрон иқтисодиётига етказган катта зарари учун жазоланишдан ҳимоя қилган режим элитаси ва ИИМК манфаатларига хизмат қилган”, дейилган Молия вазирлиги баёнотида.

OFAC шунингдек, мазкур учта валюта айирбошлаш компанияси билан боғлиқ эронлик фуқароларга, улар учун молиявий операцияларни амалга оширган Гонконгдаги CDM Trading Limited ҳамда Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган Naba Alzaki Raw Materials Trading LLC компаниясига нисбатан ҳам санкциялар жорий қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Эрондан Ҳормуз бўғозида кемаларга ҳужумларни тўхтатиши ҳамда бўғоздаги барча денгиз йўлаклари халқаро кемалар ҳаракати учун очиқ эканини расман эълон қилишни талаб қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг