АҚШ Эронга қарши қандай қуроллардан фойдаланяпти?
Олам
−
03 Март 5746 3 дақиқа
АҚШ ва Эрон ўртасидаги узоқ давом этган қарама-қаршилик янги босқичга ўтди. Жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши очиқ ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Ушбу операция “Еҳуда қалқони” деб номланди. Президент Дональд Трампнинг сўзларига кўра, мазкур операция тўрт-беш ҳафта давом этиши мумкин.
АҚШнинг мақсади нима?
28 февраль куни Трамп АҚШ Исроил билан бирга Эронга қарши йирик жанговар операция бошлаганини эълон қилди. Пентагон бу амалиётни “Эпик ғазаб” деб атади. АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, операция давомида Эрондаги 1250 дан ортиқ нишонга зарба берилган, Эроннинг 11 та ҳарбий кемаси йўқ қилинган. Ҳужумлар ҳаво, денгиз ва узоқ масофали ракеталар орқали амалга оширилмоқда. Нишонлар орасида Эроннинг ядровий объектлари, ракета саноати ва мудофаа тизими билан боғлиқ юқори лавозимли шахслар бор. АҚШнинг асосий мақсади – Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишини олдини олиш ва унинг ракета саноатини вайрон қилишдан иборат.
2023 йилдан бери сарфлаган маблағлар
Браун университетининг уруш харажатлари ҳисоботида қайд этилишича, 2023 йил 7 октябрдан бери АҚШ Исроилга 21,7 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатган. АҚШнинг Яман, Эрон ва Яқин Шарқдаги операцияларга 9,65–12,07 миллиард доллар сарфлагани тахмин қилинмоқда. Шу билан умумий харажат 31,35–33,77 миллиард долларга етган. Бу сумма яна ошиши кутилмоқда.
Ҳозирги уруш қанчага тушиши мумкин?
Мутахассисларнинг айтишича, урушнинг умумий қийматини аниқ айтиш имконсиз. Чунки, ҳарбий операциялар кўп қисмлардан иборат. Қуроллар ва ракета захиралари эса чекланган. Ҳисоб-китобларга кўра, “Эпик ғазаб” операциясининг дастлабки куни тахминан 779 миллион долларга тушган бўлиши мумкин. Операциядан олдинги тайёргарлик, жумладан, самолётлар ва 10 дан ортиқ денгиз кемаларини жойлаштириш эса 630 миллион долларни ташкил қилган. Битта авиаташувчи ҳужум гуруҳини сақлаш кунига 6,5 миллион долларга тушади. Агар уруш бир неча ҳафта давом этса, умумий харажатлар бир неча миллиард долларга етиши мумкин.
Қандай қуроллар ишлатилмоқда?
“Эпик ғазаб” операциясида 20 дан ортиқ турдаги қурол тизими ишлатилмоқда.
Ҳаво кучлари:
B-1 ва B-2 бомбардимончилари;
F-35 Light’нинг II ва F-22 Raptor қирувчи самолётлари;
F-15, F-16, F/А-18 ва А-10 самолётлари;
EА-18G Grovler.
Дронлар ва узоқ масофали зарба тизимлари:
МQ-9 Reaper дронлари;
LUCAS дронлари;
М-142 HIMARS ракета тизими;
Tomahavk қанотли ракеталари.
Ракетага қарши мудофаа:
Patriot ва THAAD тизимлари.
Денгиз кучлари:
USS Gerald R Ford ва USS Abraham Linkoln авиаташувчи гуруҳлари;
P-8 Poseidon денгиз патруль самолётлари;
Логистика ва ёқилғи таъминоти учун С-17, С-130 ва танкерлар.
Асосий хавотир нимада
Мутахассислар молиявий томондан АҚШнинг урушга чидамлилиги юқори деб ҳисоблайди. АҚШнинг йиллик мудофаа бюджети 1 триллион доллардан ошади. Бироқ айрим экспертлар ҳозирги операцияни узоқ вақт давом эттириш имконсиз эканини, чунки ракета ва бошқа қуролларнинг захиралари камайишини тахмин қилмоқда.