АҚШ Эрон нефтини сотиб олган давлатларга санкция қўлламоқчи
Олам
−
02 Май 3466 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп барча мамлакат ва компанияларни Эрон нефти ҳамда нефть-кимё маҳсулотларини харид қилишни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу талабга амал қилмаган ҳар қандай давлат ёки шахс “иккиламчи санкциялар”га дуч келади. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social тармоғида маълум қилди.
“Эрондан ҳар қандай миқдорда нефть ёки нефть-кимё маҳсулотлари сотиб оладиган ҳар қандай шахс ёки мамлакат дарҳол АҚШнинг иккиламчи санкцияларига учрайди”, деб ёзди Трамп.
Шунингдек, у бундай ҳаракатни амалга оширганларга АҚШ билан “ҳар қандай шаклда ёки кўринишда” бизнес юритиш тақиқланишини таъкидлаган.
Бу баёнот АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокараларнинг навбатдаги босқичи мавҳум муддатга кечиктирилгани фонида янгради. Эрон расмийсининг “Reuters”га айтишича, музокараларнинг янги санаси АҚШнинг ёндашувига боғлиқ бўлади. У АҚШ томонидан санкциялар қўлланиши дипломатик ечимга етишишга халал бераётганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Эрон ҳали ҳам ядровий дастур бўйича қарама-қаршиликларни музокаралар орқали ҳал қилиш тарафдори эканини маълум қилган.
Қайд этиш жоиз, айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасида Уммон воситачилигида аллақачон уч раунд музокаралар ўтказилган. Эрон делегациясига Аббос Ароқчи, АҚШ делегациясига эса Президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф раҳбарлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Сенати Россиядан нефть, газ, уран ва бошқа табиий ресурсларни сотиб олаётган давлатлар учун 500 фоизлик импорт божлари жорий этилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаганди.
Live
Барчаси