АҚШ элчиси Тошкентдаги тадбирда “коса тагида ним коса”ли нутқ сўзлади
Жамият
−
15 Июнь 2022
27020Чинакам миллий мустақиллик учун ҳақиқий суверенитет бўлиши керак, бу дегани мамлакат ўзи қарор қабул қила олиши, жамият ва иқтисодиётни қандай ташкил этишни ўзи ҳал қилиши керак дегани. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм АҚШ мустақиллигининг 246 йиллиги ва Ўзбекистон-АҚШ дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан кеча, 14 июнь куни Тошкентда ўтказилган расмий қабул маросимида сўз очди.
У сўзи аввалида француз ёзувчиси Андре Жиднинг ҳикматли сўзларини ёдга олди: “Айтиш керак бўлган ҳамма нарса аллақачон айтилган. Аммо ҳеч ким эшитмагани учун ҳамма нарсани яна айтиш керак".
“Шундай қилиб, Жид айтган гаплар қабилида, бу нутқни ёзишни бошлаганимда, АҚШ Мустақиллик куни муносабати билан Тошкентда тўртинчи марта нутқ сўзлашим бўлар экан, дедим ўзимга. Биринчи марта мен 2019 йил 3 июлда – айнан мана шу банкет залида нутқ сўзлагандим. Ўша нутқимда мен Америка ҳали нисбатан ёш давлат эканлигини, Ўзбекистон халқи эса ўз аждодлари орқали минг йиллик тарихга эга бўлган цивилизациялар билан бевосита боғлиқлигини эътироф этгандим. Лекин, дедим ўша куни, ҳатто бизнинг қисқа 246 йилимизда ҳам америкаликлар камида иккита муҳим сабоқ олдилар: биринчиси, мустақиллик ва суверенитет бебаҳодир ва уларни ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган деб қабул қилмаслик керак; иккинчидан, бу мустақилликнинг ўзи етарли эмас – эркинлик ва раъият розилигига асосланган яхши ҳукумат бўлмаса, миллат равнақ топмайди”.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов, Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов қатнашди. Элчи уларга қараганча, шундай деди:
“Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини асраб-авайлашимиз, улар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, деган тушунча оддий тушунча эмас. Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш АҚШнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг асосини ташкил этади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан 30 йил ўтган бўлса ҳам, бу қараш бугунги кунда ҳам сиёсатимизнинг асоси бўлиб қолмоқда.
Бир йил муқаддам 4 июлдаги видеомурожаатимда айтганимдек, чинакам миллий мустақиллик учун ҳақиқий суверенитет бўлиши керак, бу дегани мамлакат ўзи қарор қабул қила олиши, жамият ва иқтисодиётни қандай ташкил этишни ўзи ҳал қилиши керак дегани. Шунингдек, суверен мамлакат ташқаридан босим ва пўписага қарамай бошқа давлатлар билан қандай муносабатлар ўрнатишни ўзи ҳал қилади. Аминманки, ўзбекистонлик ва америкаликларнинг аксарияти айнан шундай фикрлайди. Ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, биз ўзимиз қайси иттифоқлар ёки уюшмалар тузишни ўзимиз ҳал қиламиз.
Бир йил аввал бу сўзларни айтганимда, бу йилги Мустақиллик кунига келиб улар нақадар долзарб бўлишини тасаввур ҳам қила олмагандим”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь