Элчилик муддати тугаётган Розенблюм Ўзбекистондан узоққа кетмайдиган бўлди
Олам
−
04 Июнь 2022
11771АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм миссиясини якунлаб қайси ишга ўтиши деярли аниқ бўлди. Америка Президенти Жо Байден уни мамлакатнинг Қозоғистондаги элчиси лавозимига кўрсатди. У расман тасдиқланиши учун АҚШ Конгресси Сенати унинг номзодини маъқуллаши керак бўлади.
Маълумот учун, Дэниел Розенблюм 2019 йилдан бери АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ҳисобланади.
Бунгача у Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари бўлган ҳамда АҚШнинг Марказий Осиёнинг бешта давлати билан сиёсати ва дипломатик муносабатларига раҳбарлик қилган.
Аввалроқ Розенблюм АҚШнинг Европа, Евроосиё ва Марказий Осиёга ёрдам координатори бўлиб ишлаган ва йилига ўртача 1 миллиард доллардан ортиқ ташқи ёрдам маблағларини стратегик ва самарали сарфланишини таъминлаш учун масъул бўлган.
У, шунингдек, АҚШ ҳукумати ва бошқа халқаро донорлар, жумладан, Европа Иттифоқи ҳамда кўп томонлама ривожланиш банклари ўртасидаги асосий алоқачи бўлган.
Давлат департаментига келишидан олдин Розенблюм олти йил давомида Эркин касаба уюшмалари институтида (FTUI) ишлаган ва у ерда Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқида пост-коммунистик ўтиш билан боғлиқ АҚШ ҳукумати грантларини бошқарган.
Розенблюм Йел университетида тарих факультетида бакалавр даражасини ва Жон Хопкинс илғор халқаро тадқиқотлар мактабида советшунослик ва халқаро иқтисод бўйича магистрлик даражасини олган. У русчада гаплаша олади.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига узоқ йиллик тажрибага эга дипломат Жонатан Хеник номзодини кўрсатганди.
LiveБарчаси