АҚШ афғонларга компенсация тўламоқчи
Олам
−
16 Октябрь 2021
4149АҚШ Афғонистондан чиқарилишидан олдин Қобулга берган авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган 10 нафар афғоннинг қариндошларига компенсация таклиф қилди. Вафот этганларнинг 7 нафари ёш бола бўлган. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари АҚШ расмийлари кечирим сўраш ва компенсация масаласини ҳал қилиш учун улар билан боғланмаганликларидан шикоят қилишган.
Кеча, 15 октябрь куни эса АҚШ Мудофаа вазирининг ўринбосари Колин Каль Nutrition and Education International ташкилотининг раҳбари Стивен Квон билан суҳбатда қурбон бўлганларнинг оиласига компенсация тўлашни таклиф қилган.
Таъкидланишича, ўлдирилганлардан бири бўлган Замаири Аҳмадий шу ташкилотда ишлаган. Улардан яна бири Аҳмад Носир АҚШ ҳарбийлари учун таржимон бўлиб хизмат қилган.
Пентагон, шунингдек, қурбонларнинг қариндошларини Америкага кўчириш устида ишлаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 август куни АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари Қобулга ракета учирганди. Вашингтон авиазарбани террорчиларни йўқ қилиш учун берганини айтган. Бироқ, кейинроқ ҳужум натижасида 10 га яқин тинч аҳоли қурбон бўлгани аниқланган.
LiveБарчаси