АҚШ Афғонистонга қайтмайди – Трампнинг маслаҳатчиси
Олам
−
20 Январь
1948Афғонистон АҚШ учун муҳим аҳамиятга эга, лекин америкаликлар ушбу мамлакатга қайтмайди. Бу ҳақда АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлиши кутилаётган Майкл Уолтц “The Washington Post” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Трамп маъмурияти разведка ҳамжамиятини ва терроризмга қарши кураш ҳаракатларини диққат билан ўрганиб чиқади ва Америка кўз-қулоқларини очиқ ҳолда сақлайди. Бу Қандаҳорга қайтиб, у ерда яна жанг қилиш кераклигини англатмайди. Бу позиция биз Канзас-Сити ҳужумга учрагунча кутиб туроломаслигимизни англатади”, деди у.
Шунингдек, Уолтц АҚШнинг миллий хавфсизлигига Афғонистондан келаётган таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани ва бир кун келиб Қўшма Штатлар у ерга қўшин юборишга мажбур бўлишидан огоҳлантирган.
Бироқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бундай баёнотларни ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблаб, мамлакатда ҳеч бир шахс ёки гуруҳга террорчилик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилмаслигини таъкидлаган.
Нашрга кўра, Уолтц Афғонистондан қўшинларни бутунлай олиб чиқишни қарши бўлган. Аммо у Трамп иккинчи президентлик даврида АҚШнинг Афғонистонга нисбатан сиёсати қандай ўзгаришини билмаслигини, лекин АҚШ Афғонистондан ички маълумот олиш имкониятларини яхшилаши кераклигини таъкидлаган.
Маълумот учун, 2001-2021 йилларда АҚШ терроризмга қарши кураш ва Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш бўйича операциялар олиб борган. 2021 йилда “Толибон” ҳокимият тепасига келгач, АҚШ қўшинлари бу мамлакатни тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳужуми билан бошланган уруш даврини тугатиши кераклигин айтган эди. Хусусан, Байден мамлакат собиқ президенти Барак Обама даврида вице-президент сифатида АҚШ Ироқдаги ҳарбий амалиётларини тўхтатганини, ўзининг президентлик даврида эса қийин бўлишига қарамай тўғри қарор билан АҚШ Афғонистонни тарк этганини таъкидлаганди.