АҚШ 150 га яқин ядровий снарядни Европага жойлаштирди – ICAN
Олам
−
12 Июнь 2023
10779АҚШ ҳеч қандай расмий баёнотларсиз 150 га яқин ядровий снарядларини Европадаги авиабазаларга жойлаштирди. Бу ҳақда Ядровий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро кампания (ICAN) координатори Алисия Сандерс-Закрега таяниб, РИА Новости хабар берди.
Мустақил экспертларнинг ҳисоб-китоблари натижасида АҚШ ўзининг ядровий каллакларини Германия, Бельгия, Голландия, Туркия ва Италиядаги авиабазаларга жойлаштиргани аниқланган.
Алисия Сандерс-Закренинг айтишича, ICAN бундай турдаги қуролларнинг ҳар қандай Европа давлатига жойлаштирилишидан хавотирда. Сандерс-Закре, шунингдек, 1962 йилги Куба ракета инқирозини эслаган ва бундай ҳаракатлар ядровий уруш хавфини оширишини таъкидлаган. У бундай вазиятда бутун дунёни ядровий қуролларга нисбатан шаффофликка чақириб келувчи Европа давлатлари “очиқчасига иккиюзламачилик қилаётганини” қўшимча қилган.
“Шу сабабли шаффофликни яхшилаш учун воситаларни кўриб чиқиш ва саволлар бериш жуда муҳим: бу бомбалар нима ва улар қаерга жойлаштирилган?", дейди Сандерс-Закре.
Маълумот учун, ICAN 2007 йилда асос солинган халқаро жамоатчилик ташкилоти бўлиб, унинг мақсади ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш ва амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Ташкилот 2017 йилда тинчлик учун “Нобель” мукофотига сазовор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Беларусь ҳудудига тактик-ядровий қуролларини жойлаштириши маълум қилинганди. Бу бўйича ҳаракатлар эса аллақачон бошлаб юборилган.
LiveБарчаси