АҚШ ҳарбийлари Ҳормуз бўғозининг ёпилишига тайёргарлик бошлади

Олам

image

АҚШнинг ҳарбий расмийлари Эрон томонидан Ҳормуз бўғозини ёпиш таҳдиди рўёбга чиқадиган бўлса, қандай чоралар кўрилишини кўзда тутувчи режа устида ишламоқда. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Нашр келтирган ҳарбийлар ва таҳлилчиларнинг фикрича, Эрон томонидан уюштириладиган ракета ва дрон ҳужумлари минтақадаги АҚШ базалари ва объектларига жиддий таҳдид солади. Баъзилар эса Эроннинг “Ал-Қудс” бўлинмалари ёки унга содиқ прокси кучлар АҚШ кучларига бевосита ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Бўғознинг энг тор қисмида унинг эни атиги 33 км бўлиб, бу орқали дунё бўйича нефть ва газнинг тахминан бешдан бир қисми ташилади. Агар Эрон бу йўлни тўсиб қўйса, Форс кўрфазидаги АҚШ миналарни йўқ қилувчи кемалари изоляцияда қолиши мумкин. Пентагоннинг икки вакилининг маълумотига кўра, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларни хавфсизлик нуқтаи назаридан тарқатишга ҳаракат қилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Эроннинг ҳарбий-денгиз кучлари Исроилнинг ядро объектларига бир ҳафтадан ортиқ давом этаётган амалиётларида ҳужумга учрамаган. Шу сабабли Теҳрон ҳали ҳам минтақада кучли флотга эга. Тахминан 40 мингга яқин АҚШ ҳарбийси шу ҳудудда жойлаштирилган. Шунингдек, Эрон катта миқдорда сув ости миналарига эга бўлиб, уларни Ҳормуз бўғозига жойлаштириш имкониятига эга.

Карнеги фондининг Эрон бўйича эксперти Карим Саджодпур бундай сценарийни “стратегик жиҳатдан ўзини портлатган террорчига” қиёслаган.

“Эрон бўғозни миналаса, минтақавий нефть объектларини вайрон қилса ёки Исроилга ракета отиб ҳужум қилса, катта зарар етказиши мумкин. Бироқ бунинг жавобида Эроннинг ўзи ҳам омон қолмаслиги мумкин”, дейилади хабарда.

АҚШ денгиз флотининг собиқ офицерига кўра, Эрон Ҳормуз бўғозини миналаш орқали АҚШ учун уни тозалаш операциясини жуда хавфли ва қимматга тушадиган қилиши мумкин. Бу иш камида бир ҳафта вақт олади.

Бироқ бундай ҳаракатнинг ўзи Эронга ҳам катта иқтисодий зарар етказади, чунки мамлакат экспорт қилаётган нефтнинг деярли барчаси айнан шу йўлдан ўтади. АҚШ ва бошқа давлатлар ҳам бўғознинг ёпилиши натижасида энергия нархларининг кескин ошиши орқали зарарга учраши мумкин. Бу ҳудудда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 5-флоти савдо кемаларининг хавфсизлигини таъминлаб келади.

Vortexa таҳлил компанияси берган маълумотларга кўра, 2022 йил бошидан 2025 йил майигача бўғоз орқали кунига 17,8 миллиондан 20,8 миллион баррелгача нефть, конденсат ва ёқилғи ўтган. Ироқ, Эрон, Қувайт, БАА ва Саудия Арабистони каби ОПЕК аъзолари экспортининг асосий қисмини айнан шу бўғоз орқали, асосан Осиёга йўналтиради. Дунёнинг энг йирик суюлтирилган газ экспортчилари қаторида бўлган Қатар эса ўз маҳсулотининг деярли барчасини Ҳормуз орқали юборади.

Эрон парламенти АҚШ томонидан Форудо, Натанз ва Исфаҳондаги ядро объектларига бомба ташланганидан сўнг бўғозни ёпишни маъқуллаган. Парламентдаги миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича комиссия аъзоси Исмоил Коусари якуний қарорни мамлакат Миллий хавфсизлик кенгаши қабул қилишини маълум қилган,

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Кремлда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан учрашув ўтказгани хабар қилинган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ҳормуз бўғози Ироил-Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг