АҚШ ҳарбий кемаларини лазер қуроллар билан жиҳозлади
Олам
−
21 Май 1767 2 дақиқа
АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари лазер қуроллари билан жиҳозланган эсминецлар сонини оширмоқда. Пентагон ҳозирга қадар 9 та “Arleigh Burke” туридаги ҳарбий кемага лазер тизимларини ўрнатди. Бу ҳақда “The War Zone” хабар берди.
Қайд этилишича, лазер тизимлари ўрнатилган кемалар орасида Яқин Шарқда хизмат қилаётган “USS Spruance ва USS John Finn” (жанговар тизим билан жиҳозланган ва бошқариладиган ракеталар) эсминецлари ҳам бор. Ушбу кемалар ҳозирда Эрон билан боғлиқ ҳарбий операциялар ҳудудида ҳаракатланмоқда.
АҚШ армияси сўнгги йилларда қиммат ракеталарга қарамликни камайтиришга уриняпти. Қизил денгиздаги ҳусийлар ҳужумлари, Эрон билан боғлиқ кескинлик ҳамда Украинадаги уруш Пентагонни арзонроқ ва қайта фойдаланиш мумкин бўлган қуролларга сармоя киритишга мажбур қилган.
Эсминецларга ўрнатилган ODIN лазер тизими душман дронлари ва ракеталардаги оптик сенсорларни “кўр” қилиш орқали уларни нишондан чалғитади. Тизим разведка камераларини ҳам вақтинча ишдан чиқариши мумкин.
Шунингдек, “USS Preble” эсминецига HELIOS номли янада кучли лазер тизими ўрнатилган. 60 киловатт қувватга эга ушбу комплекс кичик дронларни уриб тушириш ва тезкор ҳужум катерларини йўқ қилиш имкониятига эга. Ўтган йилги синовларда HELIOS тўртта дронни муваффақиятли зарарсизлантиргани айтилган.
Бироқ мутахассисларнинг фикрига кўра, лазер қуролларининг ҳам камчиликлари бор. Хусусан, об-ҳаво шароити, узоқ масофа ва юқори энергия талаби тизим самарадорлигига таъсир қилиши мумкин.
Шунга қарамай, Пентагон лазер технологияларини келажак денгиз урушларининг муҳим элементи сифатида кўрмоқда. АҚШ яқин йилларда янада кучли лазер тизимларини ишлаб чиқишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Сенати Президент Дональд Трампнинг ҳарбий ваколатларини чеклаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.
Моҳина Қудратиллаева
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май