АҚШ ҳарбий инфратузилмаси Марказий Осиёга қайтмаслиги керак — Россия

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш жараёни АҚШ ва НАТО инфратузилмасини Марказий Осиё давлатларига қайтадан жойлаштиришга айланмаслиги керак. Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Иккинчи Осиё департаменти директори Замир Кабулов шундай фикр билдирди.

“Бу жараён, айтгандай, АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистон Ислом Республикасига қўшни бўлган давлатларга, айниқса, Марказий Осиёга қайтадан жойлаштиришга айланиб кетиши мумкин эмас ва айланмаслиги керак. Бундай сигнал биз томонимиздан аллақачон турли даражаларда Вашингтонга юборилган, умид қиламизки у эшитилади”, деган Кабулов.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Москва мамлакатдаги барча йирик этник-сиёсий кучлар, шу жумладан “Толибон” ҳаракати вакиллари иштирокида янги коалицион ҳукумат тузишга ҳозирги қийин вазиятдан чиқишнинг ягона йўли сифатида қарамоқда.

“Халқаро ҳамжамият тегишли кўмакни беради, чунки афғонлар ҳозирча муваффақиятга эриша олмаяпти, аммо келажакдаги ҳукумат тузилмаси конфигурацияси ва параметрлари тўғрисида якуний қарорни ўзлари қабул қилишади”, дейди Кабулов.

Кремль вакили кузга келиб, “Толибон”даги жангарилар лагерлари тинчланади ва яна музокаралар бошланади. Москва эса яқин келажакда “кенгайтирилган учлик” (Россия, АҚШ, Хитой ва Покистон) форматида Афғонистон бўйича музокараларнинг навбатдаги раундига чақириши мумкин.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия АҚШ-Афғонистон

Баҳолаганлар

379

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг