“Агент эмасман”. Галкин аризасини рад этган суд устидан шикоят қилди

Маданият-санъат

image

Россиялик таниқли комедиячи Максим Галкин уни “хорижий агентлар” сафидан чиқаришни рад этгани учун судга шикоят киритди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди. 

Гап шундаки, 2023 йили Галкин ундан “хорижий агент” мақомини олиб ташлаш бўйича Москванинг Замоскворецкий туман судига ариза киритган. 

 “Мен ўзимни хорижий агент, деб ҳисобламайман”, деб изоҳ қолдирган Галкин ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида.

Аммо суд бу даъвони рад этган. Москва шаҳар суди бу қарорни қонуний деб тан олган. 

“Мен Россия Адлия вазирлигининг қароридан қониқмадим. Уни ноқонуний, ҳуқуқ ва эркинликларга таҳдид солувчи, Россия қонунчилиги ва халқаро ҳуқуққа зид, деб ҳисоблайман. Буйруқнинг нусхаси ҳам даъвогарга юборилмаган”, дейилади шоуменнинг даъво аризасида.

Аммо, суд вакилининг сўзларига кўра, Галкин хорижда концертлар беради, ўз чиқишларида Россиянинг ички ва ташқи сиёсати ҳақида ҳам гапиради, ижтимоий тармоқларида эса ушбу чиқишлардан парчаларни эълон қилади. Суд қарорига кўра, чет элликлар Галкинни қўллаб-қувватлайди ва унинг фикрларини тарқатади. Шу сабабларга кўра, Галкиндан “хорижий агент” мақоми олиб ташланмаган.

“Бўлим томонидан мазкур шахснинг чет эл манбаси манфаатларини кўзлаб, сиёсий фаолият олиб бориши, унга хорижий манба томонидан таъсир кўрсатилиши билан боғлиқ фактлар қайд этилган”, дейилади суд қарорида.

Шундай қилиб, суд ажрими ўзгаришсиз, шикоят эса қаноатлантирилмаган ҳолда қолдирилди.

Шундан сўнг, Галкин уни ушбу реестрдан чиқаришни рад этиш юзасидан яна судга кассация шикоятини киритди.

Маълумот учун, 2022 йил сентябрь ойида Адлия вазирлиги Галкинни Украина унинг сиёсий фаолиятига ҳомийлик қилмоқда, деган айблов билан “хорижий агентлар” рўйхатига киритган.  Шоумен ижтимоий тармоқларда ушбу урушга нисбатан салбий муносабатини бир неча бор эълон қилган ва буни концертларда ҳам билдирган. Ўша йили Галкин, унинг рафиқаси, хонанда Алла Пугачёва ва уларнинг болалари Исроилга кўчиб кетди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Максим Галкин Россиянинг сўрови билан Индонезияда киритилмаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Галкин Агент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг