Агар ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан – Мирзиёев
Жамият
−
17 Февраль 2023
8456Бугун, 17 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” маҳалласига борди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу маҳаллада 9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Маҳаллада илгари фойдаланилмай турган майдонда тикувчилик корхонаси барпо этилиб, 30 дан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланган. Яқинда иш бошлаганига қарамай, корхона 100 мингта трикотаж маҳсулотлари учун буюртма олган.
Давлат раҳбари мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.
“Маҳалладаги ўзгаришларни, сизнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Булар – халқ ичига кириб, халқ билан бирга қилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг кичик бир натижаси. Агар ҳокимлик ва ташкилотлар шароит яратиб беролса, ҳар бир оила ўзини эплаб кетолса, мақсадимга эришган бўламан. Шунда катта оиламиз – давлатимиз ҳам мустаҳкам бўлади”, дейди Президент.
Шу ерда вилоятдаги тадбиркор аёлларнинг ҳунармандчилик маҳсулотларидан намуналар намойиш этилди.
Маълум қилинишича, “Работиқалмоқ” маҳалласида яна 10 дан ортиқ савдо ва сервис шохобчалари, тадбиркорларга хизмат кўрсатиш маркази ҳам бор. Аҳолининг бўш вақти мазмунли ўтиши учун “Отахонлар чойхонаси”, кутубхона, спорт майдончаси, ҳаммом ва хиёбонлар ташкил этилган.
Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароитларни кўздан кечириб, шу ерлик Бахтиёр Пўлатов хонадонида меҳмон бўлди.