Афсуски, солиқ ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда – Мирзиёев
Жамият
−
02 Август 2023
7265Президент Шавкат Мирзиёев Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқларини лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев солиқ идоралари “қўшимча манбалар топиш ўрнига эски замон касалига берилиб, ишлаётган тадбиркорларнинг тайёр маблағларини ундиришга ўрганиб олгани”ни таъкидлаган.
Масалан, 2022 йилда тадбиркорлар томонидан ортиқча тўланган солиқлар ҳажми 320 миллиард сўмга ошиб, 4,4 триллион сўм бўлган.
“Афсуски, солиқ ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда”, дейди Президент.
Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент назоратни сусайтириб юборгани танқид қилиниб, унга солиқчилар томонидан ортиқча тўловлар ундириш, уларни вақтида қайтармаслик, текширишдаги сохтакорлик каби қонун бузилишларининг олдини олиш бўйича амалий тизим яратиш топширилди.
Шунингдек, бюджет тушумларини таъминлаш ва тадбиркорлар фаолиятини текширишда йўл қўйган камчиликлари учун:
- Андижон ва Сирдарё вилоятлари солиқ бошлиқлари ҳамда Солиқ қўмитасининг йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчисини лавозимидан озод қилиш;
- Иқтисодиёт ва молия вазирининг солиққа масъул ўринбосари Д.Султонов, Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари М.Мирзаев, Ж.Абдиев, С.Эшматов, М.Маҳкамов, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғига ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Президент 26 та солиқ идораси раҳбарини ҳам ишдан олганди.