Африка кубогининг даромади 90 фоизга ошди

Спорт

image

Африка футбол конфедерацияси (CAF) Марокашда бўлиб ўтаётган Африка кубогидан тушган тижорат даромади 90 фоизга ошганини маълум қилди. Бу ҳақда “Sport news Africa” нашри хабар берди.

Ташкилот бу натижани “Африка футболи тарихидаги энг муваффақиятли тижорат ютуғи”, дея баҳолади. Бироқ, аниқ молиявий рақамлар келтирилмади.

CAF баёнотига кўра, даромаднинг кескин ўсиши тижорат ҳамкорлари сонининг кўпайиши, медиа ҳуқуқларни тарқатиш кўламининг кенгайиши ҳамда янги бозорларга, хусусан, Осиё минтақасига кириб бориш билан боғлиқ.

Шунингдек, ҳомийлар портфели барқарор равишда кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2021 йилги турнирда 9 та бўлган тижорат ҳамкорлари сони 2023 йилда Кот-д’Ивуарда ўтказилган мусобақа финалига келиб 17 тага етган. CAF маълумотига кўра, Марокашда бўлиб ўтадиган 2025 йилги Африка кубоги учун ҳам ҳомийларни жалб қилиш ишлари давом эттирилган ва ҳозирда мусобақа 23 та ҳомийга эга.

Маълумот учун, ўтган йили CAF конгрессида эълон қилинган молиявий ҳисоботларда сўнгги Африка кубоги учун 96 миллион доллар соф шартнома даромади қайд этилган. Шунингдек, CAF ўтган йилги йиллик ҳисоботида Марокашдаги турнир 114 миллион АҚШ доллари соф фойда келтириши прогноз қилинганини маълум қилган эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Марокаш CAF Африка кубоги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг