Афғонларга 2022 йилда қанча пул керак?
Олам
−
12 Январь 2022
5920Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ҳамкорлари кеча, 11 январь куни 28 миллион афғонга – Афғонистон ичидаги 22 миллион аҳолига ва минтақанинг бешта давлатида бошпана топган қўшимча 5,7 миллион афғон қочқинига ёрдам бериш режасини эълон қилди. 2022 йилда уларнинг эҳтиёжлари учун рекорд миқдордаги 4,44 миллиард доллар керак бўлади. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази маълум қилган.
Таъкидланишича, Афғонистон иқтисодиёти “эркин пасайиш ҳолатида”. 23 миллион одам очлик ёқасида, шифохоналар тўйиб овқатланмайдиган болалар билан тўлиб-тошган, ўқитувчиларга маош йўқ, миллионлаб болалар ўқиш имкониятидан маҳрум – бугунги Афғонистондаги вазият шундай.
Қайд этилишича, мамлакатда буғдой ва ёқилғи нархи 40 фоизга ошган, афғон оиласи бюджетининг 80 фоизи озиқ-овқатга кетади. Халқаро ёрдам музлатилган, ижтимоий хизматлар тизими парчаланмоқда. БМТга кўра, Афғонистон аҳолиси ёрдамсиз яшай олмайди.
Ташкилотнинг огоҳлантиришича, йил ўрталарига келиб, Афғонистон умумий қашшоқлик мамлакатига айланиши мумкин – аҳолининг 97 фоизи қашшоқликда бўлади. Бир йил ичида Афғонистон ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини йўқотиши мумкин, эркаклар ишсизлиги эса икки баробарга ошиб, 29 фоизга етиши тахмин қилинмоқда.
“Мен сизларни Афғонистон халқига эшикни ёпиб қўймасликка чақираман. Гуманитар ҳамкорлар барча қийинчиликларга қарамай, ёрдам етказиб беришади. Бизни қўллаб-қувватланг, таъминотни кўпайтиришга ёрдам беринг ва тўлиқ миқёсдаги очарчилик, касалликнинг тарқалиши, очлик ва охир-оқибат ўлимнинг олдини олинг”, деган БМТнинг Фавқулодда ёрдам кўрсатиш координатори Мартин Гриффитс гуманитар режани тақдим этиб.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди ҳам халқаро ҳамжамиятни афғонларга ёрдам беришга ва фалокатнинг олдини олишга чақирган.
“Акс ҳолда, дунё нафақат бутун бир мамлакатнинг ақл бовар қилмайдиган азоб-уқубатларига гувоҳ бўлиб қолмасдан, балки янги катта кўчиш тўлқинларига дуч келади”, деган у.
У ўнлаб йиллар давомида ўз ватанига қайтиб кела олмаган афғон қочқинларининг эҳтиёжларини эслаган.
Таъкидланишича, сўралган маблағлар озиқ-овқат ва асосий эҳтиёжларни етказиб бериш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари, тўйиб овқатланмаслик оқибатларини даволаш, уйсизларни бошпана билан таъминлаш, сувдан фойдаланишга йўналтирилади.
Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
LiveБарчаси