Афғонистоннинг қўшнилари унинг ҳудудидаги янги лойиҳаларда иштирок этмоқчи
Жамият
−
14 Апрель 2023
7446Кеча, 13 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтаган Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг тўртинчи учрашувида Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазири иштирок этди. Шунингдек, йиғилишда Афғонистон Муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки бошчилигидаги “Толибон” делегацияси ҳам қатнашди. Бу ҳақда “Толибон” ТИВ матбуот котиби ўринбосари Ҳафиз Зиё Аҳмадга таяниб, “Central Asia” хабар берди.
“Биз, Афғонистоннинг энг яқин қўшнилари, мамлакатдаги вазият тезроқ барқарорлашишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдормиз. Қолаверса, истаймизми ёки йўқми, бугун афғон иқтисодиётини тиклаш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдаги асосий масъулият юки бизнинг елкамизга тушади”, дея анжуманни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов очиб берган.
Унинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамияти афғон халқига фақат гуманитар ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмаслиги, мамлакат тинчлигининг асосига айланадиган иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш зарур.
“Афғонистондаги вазият оғирлигича қолмоқда. Ишончимиз комилки, афғон муаммоси яқин келажакда ҳам кўплаб давлатлар, биринчи навбатда, қўшни давлатлар манфаатларига дахлдор бўлган минтақавий ва глобал хавфсизликнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолади”, деган Бахтиёр Саидов.
Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки эса ўз нутқида Самарқанддаги учрашув минтақа барқарорлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонлигини таъминлашга биргаликдаги ҳаракатларни намойиш этишини таъкидлаган.
“Бу бизнинг умумий келажагимиз борлигидан далолат беради. Биз барқарорлик ва хавфсизлик билан боғлиқ имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, умумий таҳдидларга масъулият билан жавоб бериш учун кучларни бирлаштиришимиз керак. Афғонистон минтақа билан яқин ва мувофиқлаштирилган ҳамкорликка тайёр”, деган “Толибон” вакили.
Унинг қўшимча қилишича, “Толибон” минтақа давлатлари Афғонистонда конструктив роль ўйнашда ёрдам бериши учун мамлакатда барқарорлик ва иқтисодий фаровонлик учун шарт-шароит яратиш йўлида биргаликда ҳаракат қилади.
“Биз ҳам масъулиятли ҳукумат сифатида ўз мажбуриятларимизни бажаришга тайёрмиз. Биз ҳеч қандай шароитда Афғонистоннинг салбий тўқнашувлар ва ноқонуний рақобат майдонига айланишига йўл қўймаймиз”, деган Амирхон Муттаки.
Унинг айтишича, амалдаги ҳукумат тузилганидан қарийб икки йил ўтиб, Афғонистонда илдиз отган бирорта ҳам катта хавфсизлик ҳодисаси рўй бермаган. Минтақа давлатлари эса Афғонистонга нисбатан сиёсати урушаётган кучларнинг салбий тарғиботи ва ҳийла-найранглари қурбони бўлиб қолмаслиги учун ҳушёр туриши керак.
“Тўғрироғи, Афғонистонга минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва иқтисодий алоқалар нуқтаи назаридан қараш керак. Сиёсат, хавфсизлик ва иқтисодиётдаги ижобий ва ҳал қилувчи минтақавий ҳамкорлик ҳам Афғонистон, ҳам бутун минтақа манфаатларини таъминлаш учун фойдали бўлиши мумкин”, деган Амирхон Муттаки.
Форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакатнинг амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаблари – инклюзив ҳукумат яратиш, афғонистонлик аёлларнинг меҳнат ва таълим олиш имкониятини таъминлаш, аёлларга ҳурмат кўрсатиш каби асосий талабларнинг бажарилиши муҳокама қилинган.
LiveБарчаси