Афғонистондаги зилзиладан жабрланганларга 22 млн доллар керак – БМТ
Олам
−
10 Сентябрь 3150 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) Афғонистон учун 22 миллион долларлик олти ойлик ёрдам режасини тақдим этди. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу маблағ 400 минг кишига, жумладан, Кунар ва Нангаҳор вилоятларидаги вайронкор зилзила жабр кўрган 212 мингдан ортиқ болага ёрдам беришга етиши керак. Ушбу ҳудудлар Афғонистондаги бориш энг оғир бўлган жойлар ҳисобланади. Тоғли рельеф, йўлларнинг чеклангани ва аёллар ҳамда қизларнинг ҳаракатланишини чекловчи анъанавий меъёрлар гуманитар ёрдамни етказишни жиддий қийинлаштирмоқда. Шу муносабат билан UNICEF аёл шифокорлар ва ижтимоий ишчи мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ёрдамдан хавфсиз ва тенг асосда фойдаланишни таъминлаш учун муҳим.
“Географик яккаланиш, инфратузилманинг суст ривожлангани ва чуқур илдиз отган ижтимоий меъёрлар бу гуманитар операцияни биз дуч келган энг мураккаб вазифалардан бирига айлантирмоқда”, дейди БМТ Болалар жамғармасининг Афғонистондаги вакили доктор Тожиддин Ойевали.
Шунингдек, у қийинчиликларга қарамай, UNICEF ва ҳамкорлар илк кунларданоқ иш бошлаганини билдирган.
“Биз тиббий ёрдам кўрсатмоқдамиз, тоза ичимлик суви, психосоциаль ёрдам ва болалар ҳамда уларнинг оилаларига зарурий маҳсулотларни етказиб бераяпмиз. Аммо бу етарли эмас. Биз халқаро ҳамжамиятни ушбу одамларни қўллаб-қувватлашга ва қаттиқ қиш келмасидан болаларни ҳимоя қилишга ёрдам беришга чақирамиз”, дейди Тожиддин Ойевали.
Қайд этиш жоиз, Афғонистонда 1 сентябрга ўтар кечаси 6,0 магнитудали зилзила содир бўлди. Қолаверса, ундан кейин 5,2 ва 4,7 магнитудали икки такрорий силкиниш кузатилган. Зилзиланинг эпицентри Жалолобод шаҳридан шарқда, тахминан 27 километр узоқликда жойлашган. Ҳодиса оқибатида 2,2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 3,6 мингдан зиёди эса жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда юз берган кучли зилзиладан кейин кўплаб қутқарувчилар эркакларга ёрдам кўрсатган, бироқ аёлларга ёрдам бермагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь