Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1400 дан ошди

Олам

image

Афғонистонда содир бўлган мамлакат тарихидаги энг кучли зилзилалардан бирида ҳалок бўлганлар сони 1400 дан ошди ва минглаб одамлар жароҳатланди. Қутқарув ишлари қайта бошланди. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукумати сўзловчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид хабар берди.

Қутқарувчилар зилзиладан энг кўп жабр кўрган, бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларга етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Янги рақамлар маҳаллий ҳокимият томонидан тақдим этилган. Аввалроқ Афғонистон Қизил ярим ой жамияти 1100 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бериб, қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Ташкилот маълумотларига кўра, табиий офатдан камида 3251 киши жабр кўрган, 8000 дан ортиқ уй вайрон бўлган.

Қутқарув гуруҳлари омон қолганларни қидиришда давом этмоқда.

Маълумот учун, бу – “Толибон” муваққат ҳукумати ҳокимиятга келганидан (2021 йил) бери юз берган учинчи йирик зилзила. Хорижий кучлар чиқиб кетгач, давлат молиясининг асосий қисмини ташкил этган халқаро ёрдам ҳам кескин қисқарган. Дипломатлар ва ёрдам ташкилотлари бутун дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон”нинг аёлларга нисбатан сиёсатлари (хусусан, аёл гуманитар ходимларга қўйилган чекловлар) сабаб молиявий кўмак қисқарганини айтишмоқда. Гуманитар ёрдам миқдори ҳам 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан жорий йилда 767 миллион долларгача камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ҳалок бўлганлар сонини 812, ярадорлар сонини эса 2,8 минг киши деб баҳолаган эди. Зилзила кеча, 1 сентябрга ўтар кечаси 6,0 магнитудада юз берган. Ундан сўнг яна 5,2 ва 4,7 магнитудали икки марта такрорий силкиниш қайд этилган. АҚШ геологик хизмати (УСГС) зилзила ва такрорий силкинишларнинг эпицентрини Кунар вилоятидаги Жалолобод шаҳри яқинидаги ҳудуд деб кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон зилзила қурбонлари Забиҳуллоҳ Мужоҳид

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг