Афғонистондаги зилзила қурбонлари 2,2 мингдан ошди

Олам

image

Афғонистон шарқидаги Кунар вилоятида 31 август куни, кечқурун содир бўлган 6 магнитудали зилзила қурбонлари сони 2205 кишига етди. Бу ҳақда, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Ҳамдуллоҳ Фитратга таяниб, “Tolonews” хабар берди. 

Қайд этилишича, Кунар вилоятида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 2205 кишига, жароҳатланганлар сони эса 3640 нафарга етган. Зилзиладан энг кўп жабр кўрган Нур-Гул, Савки, Чапа-Дара ва Маноги туманларида қутқарув ишлари давом этмоқда.

АҚШ Геология хизмати аввалроқ 31 август куни Жалолобод шаҳридан 27 км шимоли-шарқда, Покистон билан чегарадош ҳудудда 8 км чуқурликда 6 магнитудали зилзила содир бўлганини хабар қилган эди. Афғонистон муваққат ҳукумати сўзловчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид қурбонлар сони 1411 нафарга етганини, ярадорлар сони эса 3124 нафарни ташкил этганини айтган эди. Маҳаллий маъмурлар бу мамлакатда содир бўлган энг ҳалокатли зилзилалардан бири бўлганини айтди.

Бу – “Толибон” ҳукумати ҳокимиятга келганидан (2021 йил) бери юз берган учинчи йирик зилзила. Хорижий кучлар чиқиб кетгач, давлат молиясининг асосий қисмини ташкил этган халқаро ёрдам ҳам кескин қисқарган. Дипломатлар ва ёрдам ташкилотлари бутун дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон”нинг аёлларга нисбатан сиёсатлари (хусусан, аёл ходимларга қўйилган чекловлар) сабаб молиявий кўмак қисқарганини айтишмоқда. Гуманитар ёрдам миқдори ҳам 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан жорий йилда 767 миллион долларгача камайган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбариятига ҳамдардлик билдирганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг