Афғонистондаги очарчилик Республика даврида бошланган – “Толибон”
Олам
−
29 Ноябрь 2021
6412Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакатдаги ҳозирги озиқ-овқат инқирози аввалги Республика тузуми даврида юзага келган, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “Толибон” томонидан тайинланган Афғонистон муваққат ҳукумати раиси мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд маълум қилди.
“Афғонистон Ислом Амирлиги ўз мажбуриятларини бажаришга интилади, аммо биз ҳозирда Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукмронлик ўрнатишидан олдин ҳам мамлакатда пайдо бўлган очлик ва кўтарилган нархларга дуч келдик. Яқин келажакда биз барча қийинчиликларни енгамиз. Биз афғонларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаймиз”, деган у.
Бундан ташқари, толиблар вакили “Толибон” томонидан тузилган ҳукуматни инклюзив эканини ва аёллар ҳуқуқларини, жумладан, уларнинг таълим ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлашни таъкидлаган.
“Таълим ўғил болалар учун ҳам, қизлар учун ҳам мажбурийдир. Ҳозирда қизларнинг ислом меъёрлари доирасида таълим олишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Қачон аёлларнинг ҳуқуқлари кўпроқ ҳурмат қилинганини халқ ўзи ҳал қилсин: аввалги раҳбарлик давридами ёки ҳозиргими? Аввалги ҳукумат инклюзивми ёки ҳозирги ҳукуматми? Одамлар тўғри хулоса чиқариши керак”, деган у.
Бундан ташқари, Охунд яна бир бор “Толибон” барча давлатлар билан дўстона муносабатларни сақлаб қолишга интилишини, “уларнинг ички ишларига аралашмасликка ваъда беришини ва улардан ҳам худди шундай хатти-ҳаракатларни кутишини” айтган. Шу билан бирга, у халқаро ҳамжамиятни Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирган.
Афғонистондаги вазият
АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь