Афғонистондаги Алишер Навоий ҳайкали вайрон қилинди. Жамоатчилик “Толибон”дан норози
Олам
−
20 Август 11229 2 дақиқа
Афғонистоннинг “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкалини бутунлай бузиб ташлади. Бу ҳақда “Amu” хабар берди.
Қайд этилишича, “Толибон”нинг бу ҳаракати қатор зиёлилар ва сиёсатчиларининг ғазабини келтириб чиқарган. Уларнинг айтишича, “Толибон” нафақат бошқа миллатларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий фахрига эътибор бермаяпти, балки амалда мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзлигини йўқ қилиш ва камситиш билан шуғулланмоқда.

“Толибон” эса ҳозирча бу иш юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Шунингдек, фаол фуқаролар бугун, 20 август куни муваққат ҳукуматнинг бу ишини қоралаб, баёнот билан чиққан. 20 та фуқаролик ва ижтимоий ташкилот томонидан тайёрланган бу қўшма баёнотда Алишер Навоийнинг ҳайкалини бузиш “халқнинг умумий хотирасига ва Афғонистоннинг ўзлигига ҳужум” сифатида баҳоланган.
Ушбу ташкилотлар халқаро ҳамжамиятни, UNESCO’ни, халқаро ташкилотларнинг маданий муассасаларини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Афғонистон халқларининг тарихий ва маданий меросини ҳимоя қилиш учун дарҳол чора кўришга чақирган.

Қайд этиш жоиз, ҳайкалнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда ҳам акс садо берган. Қобул университетининг ўзбек адабиёти профессори Абдулҳанон Қилич Арслон Facebook’да бу ишни “адолатдан ташқари” деб атаб, воқеа бўйича аниқлик киритишни талаб қилган.
Алишер Навоийнинг ҳайкали тахминан 17 йил аввал Мoзори Шариф шаҳар ҳокимияти томонидан, унинг хотирасини ёдга олиш мақсадида ўрнатилган эди.
Аввалроқ ҳам Навоийнинг ҳайкали қисман бузилгани ҳақида хабарлар чиққан, аммо “Толибон” расмийлари унинг бутунлай бузилиши ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Алишер Навоийнинг Мозори Шарифдаги ҳайкали бузиб ташланганди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳолатга муносабат билдириб, бу ишни “вандализм” деб атаганди. Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Афғонистон вакилларига таяниб, Навоий ҳайкалини бегона кишилар вайрон қилганини айтган.
Live
Барчаси