Афғонистонда қизлар учун мактаб ва университетларни очиш кампанияси бошланди
Олам
−
31 Июль 2023
4676Афғонистондаги университет профессорлари, аёл ҳуқуқлари фаоллари ва дин арбоблари мамлакатда қизлар учун мактаб ва университетларни қайта очиш учун “Афғон қизлари таълими” кампаниясини бошлади. Бу ҳақда “Devdiscourse” хабар берди.
Акция ташкилотчиларининг айтишича, сўнгги икки йил ичида миллий мактаб ва университетларни қайта очиш ҳақидаги илтимосларига қарамай, ҳеч қандай чора кўрилмаган.
Ташкилотчилар қизларнинг мактаб ва университетларга киришига рухсат берилмагунча кампанияни давом эттиришларини билдирган.
“Ушбу кампаниядан мақсад давлат ва хусусий университетларда 6-синф ўқувчилари ва талаба қизларнинг ҳуқуқларини таъминлашдан иборат”, дейди университет ўқитувчиси Абеда Мажидий.
Айни пайтда, баъзи қизлар олтинчи синфдан ошган қизлар учун мамлакат мактаблари ёпилганидан кейин ноаниқ келажакка дуч келишганини билдирган.
“Ўқимасак келажакда юртимизда яхши шифокор ҳам, яхши ўқитувчи ҳам бўлмаслиги аниқ”, дейди талаба Сетора.
Маълумот учун, мамлакатда олтинчи синфдан ошган қизлар мактаблари 650 кундан ортиқ вақтга ёпилди. Қизлар мактабларининг ёпилиши мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам норозилик уйғотган бўлсада, ҳалигача Толибон режимидан қизлар учун мактабларни қайта очиш ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ.
Афғонистонда қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқларини чекланиши
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” Қобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида гўзаллик салонларининг фаолиятини тақиқлаганди. Бундан ташқари, мамлакатда аллақачон қизлар учун таълим муассасалари, жумладан, мактаблар ва университетлар ёпилган. “Толибон” томонидан афғон аёлларининг халқаро ва миллий ноҳукумат ташкилотларда ишлаши ҳам ман этилган. Оммавий ахборот воситаларига эса аёллар овози билан эфирга узатиладиган тижорий эълонларни бериш тақиқланган.
Аввалроқ мамлакатдаги аёллар сартарошхоналарига косметика воситаларидан фойдаланишда қатор чекловлар жорий этилганди. Бундан ташқари, афғонистонлик аёллар очиқ ҳаводаги ресторанларга бориши ҳам мумкин эмас. Жорий йил апрель ойида нишонланган Рамазон ҳайитида, ҳатто, аёлларнинг кўчага чиқиши ҳам тақиқланганди. Бундай чекловлар нафақат аёлларга, балки эркакларга нисбатан ҳам жорий қилинган. Масалан, эркаклар учун аёлларнинг кийимларини тикиш тақиқланган. Шунингдек, Афғонистонда аёлларни эркак шифокорлар даволаши ҳам мумкин эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, “Толибон” ҳокимияти остида сўнгги пайтларда ўсмир қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Шунга қарамай, “Толибон” яқинда мамлакат аёлларининг “эркин инсон” мақоми тикланганини эълон қилди.
LiveБарчаси