Афғонистонда инклюзив ҳукуматсиз тинчлик ўрнатиш имконсиз – Раисий
Олам
−
04 Июль 2023
4370Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун турли этник гуруҳлар, сиёсий партиялар ва диний оқимлар манфаатларини ифодаловчи инклюзив ҳукумат тузиш керак. Бу ҳақда бугун, 4 июль куни Ҳиндистон раислигида виртуал форматда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг 23-йиғилиши чоғида Эрон Президенти Иброҳим Раисий айтиб ўтди.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан минтақа давлатларида қўрқув уйғотаётган Афғонистондаги вазият ҳақида гапирар экан, Раисий Эрон терроризм ва халқаро наркотрафикга қарши кураш бўйича ўз тажрибасини ШҲТга аъзо давлатлар билан бўлишишга тайёр эканини билдирган.
“Мазлум Афғонистондан жуда кўп сонли қочқинларни қабул қилган Эрон бу мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатиш учун барча этник гуруҳлар, сиёсий партиялар ва диний ҳаракатларни қамраб олувчи ҳукуматни шакллантиришдан бошқа чора йўқ, деб ҳисоблайди”, деган Иброҳим Раисий.
Маълумот учун, мазкур саммитда ШҲТга аъзо барча давлатлар иштирок этган. Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи сифатида таклиф қилинган. Туркманистон эса саммитда меҳмон сифатида иштирок этган. Тадбирда ташкилотнинг икки органи – ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси раҳбарлари ҳам қатнашган. Бундан ташқари, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари таклиф этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ саммит иштирокчилари Эроннинг ШҲТга аъзолигини расман тасдиқлаган, Шанхайдаги ташкилот котибиятида Эрон байроғи кўтарилганди.
LiveБарчаси