Афғонистонда 30 дан ортиқ киши сув тошқини оқибатида ҳалок бўлди
Олам
−
26 Февраль
3425Кеча, 25 февраль куни Афғонистон жануби ва ғарбида содир бўлган сув тошқинлари оқибатида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “AmuTV” хабар берди.
Маълум қилинишича, Афғонистондаги тошқинларга кучли ёмғир сабаб бўлмоқда. Афғонистон ғарбидаги Фараҳ вилоятида юз берган табиий офатда камида 23 киши ҳалок бўлган, 44 киши жароҳат олган. Хабарда айтилишича, қурбонлар орасида ҳар иккала жинс ва турли ёшдаги одамлар бор. Қурбонлар сони ортиши мумкин.
“Толибон”нинг Фараҳдаги полиция қўмондонлиги ҳам қурбонлар сонини тасдиқлаб, сув тошқини кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлганини маълум қилган.
Қайд этилишича, 25 февраль куни жанубдаги Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятларида сув тошқинлари оқибатида камида 10 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган. Ҳилманднинг Гришк туманидаги тураржой биносига чақмоқ уриши оқибатида яна олти киши жабрланган.
Афғонистонда экстремал об-ҳаво билан боғлиқ офатлар
2024 йилда ҳам Афғонистон кучли сув тошқинини бошдан кечирганди, оқибатда кўплаб инсонлар ва мол-мулк йўқотилган. Рақамлар шуни кўрсатадики, май ойида шимолий ҳудудларда, хусусан Бағлон вилоятида содир бўлган тошқинлар камида 315 кишининг ўлимига ва 1 минг 600 дан ортиқ кишининг жароҳатланишига олиб келган. Тошқин 2000 дан ортиқ уйни вайрон қилган, юзлаб одамлар бедарак йўқолган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йили апрель ойи бошида 23 провинцияда кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари 100 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва 54 киши жароҳатланган. Бу ҳодисалар ҳам камида 2134 та уйнинг вайрон бўлишига, 10 789 бош чорва молларининг нобуд бўлишига олиб келган.
Бундан ташқари, июль ойида шарқий ва шимоли-шарқий вилоятларда кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида 58 киши ҳалок бўлган ва 380 киши жароҳат олган, инфратузилмага жиддий зарар етказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг катта ҳудудлари, жумладан, муқаддас Макка ва Мадина ҳамда Жидда шаҳарлари ҳудудларида кучли ёмғирдан кейин сув тошқини юзага келганди.
LiveБарчаси