Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” илк бор давлатлараро учрашувга таклиф қилинди
Олам
−
17 Ноябрь 2021
9865“Толибон” ҳаракати вакиллари Афғонистонга қўшни давлатларнинг учинчи вазирлар йиғилишига таклиф этилади. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший маълум қилди.
“Афғонистон муваққат ҳукумати Афғонистонга қўшни давлатларнинг навбатдаги йиғилишига таклиф қилинади”, деган вазир.
Покистон жорий йил август ойи ўрталарида “Толибон” томонидан ҳокимият қўлга киритилгандан кейин Афғонистондаги вазият юзасидан Афғонистонга қўшни давлатлар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказишнинг янги механизмини ишлаб чиққан. Музокараларда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этмоқда. Уларнинг биринчи учрашуви 8 сентябрь куни Исломободда, иккинчиси 27 октябрь куни Теҳронда бўлиб ўтган.
“Толибон” ҳеч бир учрашувга таклиф қилинмаган. Иккинчи маслаҳатлашувлар иштирокчилари қўшма баёнотда халқаро ҳамжамиятни “Афғонистон билан ижобий ҳамкорликни давом эттиришга ва сиёсий ҳамкорлик, иқтисодий интеграция ва минтақавий ҳамкорлик кун тартибини илгари суриш учун узоқ муддатли йўл харитасини ишлаб чиқишга” чақирган.
Афғонистон бўйича навбатдаги йиғилиш Хитойда бўлиб ўтади. Унинг вақти ҳали аниқланмаган бўлса-да, учрашув келаси йилнинг бошида бўлиб ўтиши мумкин.
LiveБарчаси