Ўзбекистонда наркотиклар ёқилди. Афғонистон эса қўшнилардан ёрдам сўради
Жамият
−
30 июн 1755 3 дақиқа
26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Халқаро тадбирда QALAMPIR.UZ мухбири иштирок этди.
Конференцияда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат ва ҳудудий комиссиялар аъзолари, 100 га яқин мутасадди давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий органлар вакиллари, мутахассислар ва экспертлар, 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ва ҳамкор тузилмалар вакиллари қатнашди.
Дастлаб тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси оператив бошқарув бўлими ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда гиёҳванд воситалари тарқалишини олдини олиш Дастури (CАДАП-8) раҳбарлари кириш сўзи билан очиб берди.
Мутахассисларнинг фикрича, гиёҳвандлик муаммосининг кенгайиб бораётгани, турли ижтимоий қатламларга, жумладан ёшлар ва хотин-қизлар орасига ҳам кириб бораётганини кўрсатмоқда. Ушбу тенденцияга қарши курашишда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамият – оила, таълим муассасалари, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари бирлашган ҳолда ҳаракат қилишлари зарур.
Мазкур халқаро анжуманда Афғонистон Ислом Амирлигининг Ўзбекистондаги элчиси Шейх Мавлави Абдулғафар ҳам иштирок этди. У QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гиёҳвандлик моддаларига қарши юртида кескин чоралар кўрилаётганини ва бу моддаларни етиштирган ҳамда тарқатганларга жазо кучайтирилганини айтиб ўтди.
Элчи шунингдек, бу наркотик моддалар айланмасини йўқ қилишда қўшни давлатлардан ёрдам сўради.
Тадбирда сўнгги 5 ой давомида талаба ёшлар ўртасида ҳам наркожиноятлар содир этилгани қайд этиб ўтилди. конференциянинг энг муҳим рамзий тадбири – бу гиёҳвандлик воситаларини ёқиш маросими бўлди. Унда Давлат хавфсизлик хизматининг маълумотига кўра, жорий йилда 2 тонна 963,61 кг гиёҳвандлик воситалари, шундан 1 тонна 348,79 кг – марихуана, 649,64 кг – гашиш, 101,43 кг – кўкнор, 426,35 кг – опий, 78,37 кг – героин, 225,88 кг – синтетик наркотиклар (метамфетамин, МДМА, мефедрон, А-ПВП, ЛСД, спайс ва б.ш.), 83,98 гр – кокаин, 197,51 гр – гашиш мойи, 0,04 гр психотроп моддалар, 71,08 кг кучли таъсир қилувчи моддалар, 54 кг прекурсорлар, шундан: 152,5 гр – калий перманганат ва 53,88 кг хлорид кислотаси ёқиб юбориш орқали йўқ қилинди.
Халқаро Конференция доирасида Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Чегара қўшинлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Мудофаа саноати агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида соҳада амалга оширилаётган ишларни акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси